Bosh sahifa Jamiyat Судьялар Олий Кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратура Навоийда сайёр қабуллар ўтказмоқда

Судьялар Олий Кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратура Навоийда сайёр қабуллар ўтказмоқда

0

10 сентябрь куни Кармана туманидаги “Qizilqumsement” акциядорлик жамияти сиҳатгоҳида Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши, Олий суди ва Бош прокуратура масъуллари иштирокида Навоий шаҳри, Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор туманлари аҳолиси билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилди.

Очиқ мулоқот ва сайёр қабулда аҳолининг суд органлари томонидан чиқарилган қарор ва ҳукмларидан норозилиги ҳолатлари ўрганилди. Мавжуд тўртта суднинг масъуллари ҳар бир мурожаатни тинглаб, уларга қонуний жавоб ва ҳуқуқий маслаҳатлар берди.

Хусусан, Навбаҳор тумани “Юқори Бешработ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мадаминжон Бердирасулов ва унинг отаси Туйғун Маҳмудов томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ташаккурнома билдирилди. Гап шундаки, жорий йилнинг 19 май куни Мадаминжон ўз бошқарувидаги “Tico” русумли автомашинасида кутилмаганда эҳтиётсизлик оқибатида йўл бўйлаб вилосипедда ҳаракатланаётган фуқароларни уриб юборади. Натижада ҳайдовчига нисбатан жиноят иши очилади. Туман суди томонидан маҳаллада сайёр суд ўтказилиб, жабрланувчи ва айбланувчининг ўзаро ярашувига эришилгач иш ҳаракатдан тўхтатилади. Бу билан бир инсоннинг эҳтиётсизлик туфайли жиноятчига айланиб қолиши, фарзандлари келажаги ва тақдирига путур етишининг олди олинди.

Навоий шаҳридаги “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкатида ўз дала ҳовлисида иссиқхона ташкил этиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган Гулистон Жуматованинг мурожаати қатор йиллардан буён ечимини топмай келаётгани маълум бўлди. Фуқаронинг сўзларига кўра, иссиқхона эҳтиёжи учун фойдаланилган газ истеъмоли қарздорлик сабаб 2016 йил 16 июнь куни огоҳлантиришсиз тармоқдан узилган. Газ идораси маълумотлари асосида 242 минг қарздорликни тўланади. Бироқ маълум муддат ўтгач хонадон соҳибининг хатти-ҳаракатларига нисбатан далолатнома тузилиб, иш судга оширилади. Натижада, истеъмолчи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан давлатга етказилган 4 миллион 482 минг 285 сўм миқдоридаги моддий зарарни қоплаш мажбуриятини олади. Ўзбекистон Республикаси Олий судига қилинган мурожаат сабаб, айблов ва суд қарори бекор қилинади. 4 нафар фарзандни тарбиялаётган вақтинча ишсиз хонадон соҳиблари тирикчилиги учун иссиқхонани тиклаши, газ тармоғига қайтадан уланишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мутасаддилар тегишли маслаҳат ва кўрсатмалар берди.

Шунингдек, аҳоли билан учрашувлар куннинг иккинчи ярмида Хатирчи туманида ҳам давом этди. Унда фуқароларнинг кўплаб муаммолари ўрганилиб, ҳуқуқий ечим топилди.

Бугун сайёр қабуллар Зарафшон шаҳри ва Хатирчи туманида бўлиб ўтиши режалаштирилган.