Bosh sahifa Tahlil Сўнгги 3 йилда республикамизда 240 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла...

Сўнгги 3 йилда республикамизда 240 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилди

0

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ўтказилган “Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг истиқболли йўналишлари” мавзусидаги конференцияда айтиб ўтилди.

Унда вазирлик ва идоралар масъул раҳбарлари иштирок этди. Маърузаларда таъкидланганидек, экин майдонларига жорий йилда юқори даромадли, экспортбоп ва озиқ-овқат экинлари, жумладан 73,5 минг гектар сабзавот, 19 минг гектар картошка, 15,1 минг гектар полиз, 37,5 минг гектар дуккакли экинлар, 15,7 минг гектар соя, 3 минг гектар шоли, 44,3 минг гектар озуқа экинлари жойлаштирилди ҳамда 23 минг гектар интенсив боғ, 8,3 минг гектар токзор ва 600 гектар замонавий иссиқхоналар барпо этилди.

Республикада ноанъанавий, импорт ўрнини босувчи ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган ўсимликчилик ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кейинги йилларда республика бўйича жами 22,5 минг гектар аччиқ қалампир, 8,1 минг гектар қизилмия плантациялари барпо этилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда инновацион ва интенсив технологияларни жорий қилиш ҳисобига маҳсулот ҳажмини ошириш юқори натижа бермоқда.

Республика бўйича 2011-2017 йилларда 36,6 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 7,8 минг гектар замонавий интенсив боғлар барпо қилинди.

Мисол учун, замонавий технологиялар асосида яратилаётган пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғлардан 1 гектаридан ҳосилдорлик ўртача 20-25 тоннани ташкил этмоқда, бу эса анъанавий боғларга нисбатан 2-3 баробар кўпроқни ташкил этмоқда.

Шунингдек конференцияда фермерлик харакати ва кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш бидлан илм-фан интеграциясини чуқурлаштириш,  қишлоқ хўжалиги маҳслотлари экспорт ҳажмини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, буларни амалга ошириш учун зарур қонунчилик базаси каби масалалар, соҳа мутахассислари, қонун ижодкорлари ва олимлар иштирокида муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати