Bosh sahifa Jamiyat СЎРАНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

СЎРАНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

0

САВОЛ:  Турсун Раҳматов. Навоий шаҳридаги “Меъморлар” кўчасида яшайман.  Уйимнинг кадастр китоби йўқолган. Кимга мурожаат қилишим мумкин, ҳужжатни қайта янгилаб олиш учун пул тўланадими?

Жавоб: Хуршид Жўраев. ДХА Навоий вилояти бошқармаси бош маслаҳатчиси.

Айни кунда мазкур давлат хизматини олиш учун истаган Давлат хизматлари марказингизга бориб мурожаат қиласиз. «Кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги “Кадастр ҳужжатларини тайёрлаш бўйича давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 623-сонли қарори билан белгилаб қўйилган. Хусусан унга кўра, кўчмас мулк объектларининг турар-жой фондига оид қисмига кадастр ишини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун кўп квартирали уйдаги квартирага  объектнинг 1 квадрат метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (энг кам иш ҳаққининг)1 фоизи, 25 фоизга кўпайтирилган ҳолда тўлов йиғими ундирилади.

Шуни айтиш керак, кадастр иши йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда) унинг нусхаси (дубликати)ни тайёрлашнинг нархи кўчмас мулк объекти кўрсаткичлари ўзгартирилмасдан, хизматлар умумий қийматининг 50 фоизини ташкил қилади. Кадастр ишини янгилаш зарурати юзага келганда янги ташкил қилинган (реконструкция қилинган) кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилади.

САВОЛ: Учқудуқданман. Шароф Тўхтаевман. Матбаа корхонаси очмоқчи эдим. Шу ишни йўлга қўйиш учун бир йиллик муддат учун лицензия олиш имкониятим борми, тўловлари қанча бўлади?

Жавоб: Одил Жаҳонгиров. ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1017-сонли қарорининг 2-иловаси 18-бандида белгиланганидек, матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳнома фақат беш йил муддатга берилади. Агар жисмоний шахс бўлсангиз, матбаа фаолиятини амалга ошириш учун Давлат хизматлари марказидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тамойилга асосан рўйхатдан ўтишингиз лозим. Кейин матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат олиш учун Давлат хизматлари марказига ёки my.gov.uz платформаси орқали ариза юбориш керак.

Ваколатли орган 10 кун мобайнида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган матбаа фаолиятини амалга ошириш учун ариза берувчини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади ёки рўйхатдан ўтказишни рад этади. Ариза берувчи хабарнома ва матбаа фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарорни олган пайтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида хабарномада белгиланган миқдорда давлат божини тўлайсиз.

Давлат божи миқдори қуйидагича: Босма нашрларни босиш:

а) йиллик иш ҳажми 2 млн босма табоққача бўлган корхоналар – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари;

б) йиллик иш ҳажми 2 млн босма табоқдан ортиқ бўлган корхоналар – базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида тўлов йиғими ундирилади.

Агар матбаа фаолиятини амалга оширишни қайта рўйхатдан ўтказмоқчи бўлсангиз, давлат рўйхатидан ўтказишда назарда тутилган давлат божи суммасининг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Эслатиб ўтмоқчимизки, юридик ва жисмоний шахсларга Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди, яъни хизматлар бепул.

Савол: Роҳила Қурбонова. Руҳий касалликлар ҳамда наркология диспансерлари томонидан фуқароларнинг ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинганми?

Жавоб: Алишер Нурмаматов. ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  18-сонли қарорига мувофиқ 2020 йил 1 апрелдан бошлаб руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан тўғри бериш амалиёти бекор қилинди. Фуқароларга мазкур икки турдаги тиббий маълумотномалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.

Бу қандай бўлади? Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқланганидан сўнг барча ҳужжатлар реал вақт режимида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.

Давлат хизматлари маркази маълумотнома келиб тушгандан сўнг реал вақт режимида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, ариза берувчининг сўровига кўра, унга маълумотномани электрон шаклда ёки қоғоз шаклда муҳрини босиб, масъул ходимнинг имзосини қўйиб бериши шарт. 

Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,0 фоизи миқдорида йиғим ундирилади (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги фуқаролар бундан мустасно).

ДХА Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати