Bosh sahifa Jamiyat ТАҚДИРНИ ЎЗГАРТИРГАН «15 МИНГ» ЁХУД ПЕШОНАСИГА «СУДЛАНГАН» ТАМҒАСИ БОСИЛГАН СОБИҚ ИЧКИ ИШЛАР...

ТАҚДИРНИ ЎЗГАРТИРГАН «15 МИНГ» ЁХУД ПЕШОНАСИГА «СУДЛАНГАН» ТАМҒАСИ БОСИЛГАН СОБИҚ ИЧКИ ИШЛАР ХОДИМИ 7 ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ

0

Жамиятда адолат таъминланмас экан, айрим тоифалар бошқаларнинг тақдири исталган кўйга солиши мумкин. Қонун бор жойдагина ҳақиқий эмин-эркинлик ҳис қилиб яшалади. Бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб инсонларга оқлов ҳукмлари чиқарилаётгани ҳам бежиз эмас: ўтган даврда кўр-кўрона, нохолис суд қилиниб, турли жазоларга ҳукм қилинганларнинг номи оқланиши – бугунги шаффоф, қонун устувор бўлган жамиятимизга хос жиҳат.   

1984 йил Навбаҳор туманида туғилган А. ички ишлар идораларига – Ватанга хизмат қилишга бел боғлаб қўриқлаш хизматига ишга киради. Бир муддат ўтгач у Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ
3-сафарбарлик гуруҳи йўл патруль хизмати инспектори лавозимига тайинланади. 2012 йил ноябрь ойида хизмат вазифасини ўтаётганида Навоий шаҳар Х.Дўстлиги кўчаси бўйлаб уяли алоқа телефонида гаплашиб, “Матиз” русумли автомашинани бошқариб келаётган ҳайдовчини тўхтатади. Шофёрнинг ёнига бориб ўзини таништириб, автомашина ҳужжатларини сўрайди ва уларни кўздан кечириб, йўл ҳаракати қоидаси бузилганлигини маълум қилади. Хатосини англаб турган ҳайдовчи яқиндагина қоидабузарлик қилганлиги учун йўл нозиридан яна баённома расмийлаштирмаслигини, бу ҳолат қайта такрорланмаслигини айтади. А. эса ҳайдовчига автомашинани эҳтиёт бўлиб, қоидалар талаблари асосида бошқаришини айтиб, кетишга рухсат беради. 

Аммо, у орадан саккиз ой ўтиб, айни шу ҳолат юзасидан ҳайдовчининг МХХга аризасига биноан гўёки 15 минг сўм пора олганликда айбланиб, қўлга олинади ва Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2013 йил 15 ноябрдаги ҳукмига кўра 5 йил озодликдан маҳрум қилинади. Аслида, нега жабрланувчи орадан бунча вақт ўтгач ҳуқуқ идорасига мурожаат қилди? Бу қанчалик асосли, деган саволлар эса очиқ қолиб кетди.  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг амнистия тўғрисидаги бир қатор қарорларига биноан А.га тайинланган жазо қисман қисқартирилган бўлса-да, у ҳалол фаолият олиб бориб, номига тушган доғдан қутилишига 7 йил керак бўлди. 

Олий суд Раёсатининг 2020 йилдаги қарори билан А.га нисбатан жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судига жиноят иши янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилади. Ушбу қарорда суд ишни кўришда қарорлар далилларга асосланмаганлиги, жабрланувчи кўрсатувларининг ўзигина айблаш учун етарли бўлмагани, айбсизлик презумпцияси талаблари бузилганлиги, ишни янгидан апелляция инстанциясида кўришда суд ҳукмининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги тўла ҳажмда текширилиб, ишда йўл қўйилган камчиликлар ва қарама-қаршиликлар бартараф этилиши, шундан сўнг айбдорнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлиги таъкидланган эди.    

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги қайд этилган. Бундан ташқари мазкур ҳужжатнинг 23-моддасида айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги ҳам назарда тутилган. 463-моддада эса “Айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас” дея қайд этилган. 

Бироқ, А. га нисбатан мазкур жиноят ишини кўрилишида биринчи инстанция суди томонидан ушбу нормаларга риоя қилинмаган. Биринчи инстанция суди томонидан А.ни мансабдор шахс бўлгани ҳолда эгаллаб турган мансаб мавқеидан фойдаланиб жиноий йўл билан мулкий наф кўриш мақсадида тамагирлик йўли билан пора олганликда айбли деб топиш ҳақида барвақт хулосага келинган.

Иш ҳужжатларига кўра, А. ва ҳайдовчи ўртасидаги суҳбат ёзиб олинган СД диск холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олинмаган ва эшитиб кўрилмаган. Мазкур дискдаги ёзувлар А.га на тергов давомида ва на судда қўйиб эшиттирилмаган, ашёвий далил сифатида эътироф этилган диск алоқадорлиги, ишончлилиги ва мақбуллиги нуқтаи назаридан баҳоланмаган. Жиноят ишида шофёр томонидан ўзининг уяли телефонига ёзиб олинган ва СД дискка туширилган сўзлашувларни эшитиш ҳақида
2013 йил 13 август санаси билан расмийлаштирилган баённома мавжуд бўлиб, унда ушбу баённома ким томонидан тузилганлиги, унинг тузилишида кимлар иштирок этганлиги кўрсатилмаган ва баённома процессуал қонун нормалари асосида расмийлаштирилмаган. Ашёвий далил сифатида эътироф этилиб, жиноят ишига илова қилинган СД диск апелляция инстанцияси судида тарафлар иштирокида қўйиб кўрилганда эса унда ҳеч қандай ёзув мавжуд эмаслиги аниқланган. 

Апелляция инстанцияси суди СД диск қонунда белгиланган тартибда расмийлаштириб олинмаганлиги ва суҳбат стенограммасини тузишда жиноят-процессуал қонуни талаблари бузилган боис А.ни айбдор деб топишдаги мазкур “далил”ларни номақбул деб топди. Хуллас, нотўғри ҳукмланган собиқ ички ишлар ходими пора олганликда айбланган бўлсада, иш бўйича бирор аниқ далил мавжуд эмас.

Ниҳоят адолат қарор топди! Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан А.га 2013 йилда  чиқарилган ҳукм бекор қилинди. У айбсиз деб топилди ва реабилитацияга олинди. Унга маънавий ва бошқа зарарларни ундиришда ҳақдорлиги ҳам айтилди.  

Албатта, тақдир билан ўйнашиб бўлмайди. Зеро, бундай ҳақсизлик инсон қалбида нафрат ҳиссини пайдо қилади. Инсоннинг қадрини ҳам, қаддини ҳам кўтарадиган нарса – адолат таъминланмас экан, халқнинг ишончини, муҳаббатини қозониш қийин. 

Озод ИСЛОМОВ, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоятсудининг судья катта ёрдамчиси.

Озод МУСТАФОЕВ,  журналист