Bosh sahifa Jamiyat Табиий офатдан жабрланган фермерларнинг дардини ким тинглайди?

Табиий офатдан жабрланган фермерларнинг дардини ким тинглайди?

0

Жорий баҳор мавсумининг серёмғир келиши йилимизнинг баракали бўлишидан дарак берган бўлсада, айрим ҳудудлардаги сув тошқинлари ҳамда сел сувлари аҳоли хонадонларига, шунингдек қишлоқ хўжалиги ерларига ҳам зарар келтирди.

Хусусан, Навбаҳор, Хатирчи ҳамда Кармана туманларидаги ўнлаб фермерлар мазкур ҳолатдан жабр кўрди. Айниқса, Зарафшон дарёсига яқин ҳудудда жойлашган буғдойзорларнинг катта қисми 5 апрель куни бўлган кучли ёғингарчилик натижасида юзага келган сув тошқини тагида қолиб кетди.

“Ният орзу Кармана” фермер хўжалиги шулардан бири саналади. Бугунги кунда жами 74 гектар ер майдонига эга хўжалик 2015 йилда фаолиятини бошлаган. Ўтган йилларда ҳам дарё сувининг кўтарилиши ҳосилдорликнинг камайишига таъсир кўрсатган бўлсада, белгиланган режаларни тўла бажарган хўжаликнинг жорий йилги зарари жуда катта. Яъни, мавжуд 39 гектар ғалла майдонининг 25 гектари сув остида қолган эди. Бугунги кунда сув сатҳи камайган, бироқ 10 гектар ғалла майдонидан ҳосил олиш амримаҳол.

– ­33 гектар ерга чигит эккандик, – дейди хўжалик раҳбари Азиз Ҳусанов. ­­– Ушбу майдоннинг 25 гектарини сув босди. Эндиликда пахтани ҳам қайта экишга мажбурмиз. Бу катта харажат талаб қилади, албатта. Сабаби 1 тонна уруғ зое кетди. Дарё оқимининг кўтарилиши натижасида хўжалигимиз ҳудудига кириб келадиган тошқин сувлари йўлини тўсиш мумкин аслида. Бунинг учун эса техника ва ортиқча маблағ зарур. Бу йил шартомавий режаларимизни тўла бажаришимиз мушкул.

“Хазора боғ ободи” фермер хўжалигида ҳам худди шу ҳолат. 2014 йилдан буён фалият юритаётган хўжалик бу йил табиий офатдан катта зарар кўрди. 28 гектар ғалла майдоннинг 8 гектарида ўсимлик тўла тошқин суви тагида қолиб кетганди. Энди ушбу майдондан ҳосил олиб бўлмайди.  33 гектар пахтанинг эса 11,8 гектаригина омон қолди.

— Режани-ку амаллаб бажарармиз, аммо ўзимизда фойда қолмайди, – дейди хўжалик раҳбари Лутфулло Тошев. – Ишчи-ходимларимиз бор. Улар ҳам бола-чақасини боқиши лозим. Буёғи пешонадан. Қолган ҳосилимизнинг баракасини берсин.

Мазкур ҳолатлар юзасидан “Ўзагросуғурта” АЖ вилоят филиали Кармана туман бўлинмаси билан боғландик. Маълумки, ғалла ва пахта экинлари фермер хўжаликлари томонидан суғурта қилинади. Ўтган йили туманимизда 200 та фермер хўжалиги фаолият юритган бўлса, улар томонидан экилган ғалла тўлиқ суғурта қилинган. Жорий йилда айрим хўжаликларга ерлар қўшиб берилиши ҳисобига улар сони 126 тага камайди. Бугунги кунда пахта экинлари учун суғурта бадаллари тўлаб берилмоқда. Хўш, суғурта компанияси таюбиий офатга учраган фермерларни қўллаб-қувватлаяптими?

— Ҳозиргача худди шундай ҳолатлар юзасидан бизга 4 та хабарнома келиб тушган, – дейди бўлинма мутахассиси Гулшан Жумаева. – Ҳар бир хўжаликни ўрганиб чиқдик. Далолатномалар тузилди. Улар ғалла ҳосилини ўриб олишганидан сўнг шартномавий режанинг қолган қисми суммаси тўлаб берилади. Пахта бўйича ҳам худди шундай. Мисол учун, ўтган йили ёмғир сувлари туфайли пахтани қайта-қайта экишга мажбур бўлган фермерларга 100 миллион сўмдан ортиқ маблағлар ажратганмиз. Ўтган йили ғаллачиликда зарар нисбатан анча кам бўлган – биргина фермер хўжалигига 4 миллион сўм кўмак берилган.

Албатта, суғурта компанияси зарарни қисман қоплайди, холос. Сабаби айрим хўжаликларнинг ҳолати жуда оғир. Бундай хўжаликларга Фермерлар кенгаши ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларнинг кўмаги зарур. Белгиланган шартномавий режаларни қандай қилиб бўлмасин бажариш муҳимми ёки мазкур хўжаликларда фаолият юритаётган инсонлар тақдири, деган саволни ўртага ташлаб, фермерлар зиммасидаги мажбуриятларни бугунги ҳолатдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш керакдир, эҳтимол. Зеро, жорий йилда уларга енгиллик яратилса,  келгусида давлатга ҳам жамиятга ҳам кўпроқ наъф тегади. Энг муҳими, табиий офат хавфи юқори бўлган қишлоқ хўжалиги майдонлари эгасиз қолмайди.