Bosh sahifa Yangiliklar Тадбиркор ташаббуси: 120 ўринли янги боғча ва 20 та иш ўрни

Тадбиркор ташаббуси: 120 ўринли янги боғча ва 20 та иш ўрни

0

Навбаҳор тумани “Кўҳрон” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Бахтиёр Норовнинг ташаббуси билан 120 ўринга мўлжалланган “Қувноқ болажонлар орзуси”  номли  нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди.

Муассасанинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Лочин Облақулов, маҳалла фаоллари ҳамда нуронийлар иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар айни пайтда мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, маънан баркамол бўлиб вояга етишларида ушбу муассасаларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди. Шундан сўнг қишлоқ аҳлига бинонинг рамзий калити топширилиб, йиғилганлар бинода болажонлар учун яратилган имкониятлар, дарс жараёнлари билан танишишди.

IMG_1300

Таъкидлаш керак, янги боғча “Туронбанк” вилоят филиалининг 2 миллиард сўмлик имтиёзли кредити ҳамда тадбиркорнинг шахсий маблағлари асосида барпо этилди. Бу ерда 5 та гуруҳда келажак авлод вакилларига таълим-тарбия берилади. Муассасада 20 нафар кишининг бандлиги ҳам таъминланди.

– Юқори малакали мутахассис педагог кадрлар ва тарбиячилар таълим –тарбия жараёнига жалб этилган, – дейди биз билан суҳбатда муассаса мудираси Шаҳло Шарипова. – Тарбияланувчиларга “Илк қадам” ўқув дастури асосида, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ноанъанавий усулда машғулотлар ўтилади. Мазкур дастурнинг асосий мақсади ҳаёти давомида узлуксиз ривожланишда бўлган шахсни шакллантиришдир.

IMG_1233

Яқинда “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам “Жасур ўғлонлар” давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаси иш бошлаган эди. 120 ўринга мўлжалланган мазкур масканда таълим-тарбия асосан рус тилида олиб борилиб, инглиз ва корейс тиллари ҳам чуқур ўргатилмоқда.

Қишлоқларда замонавий, барча қулайликларга эга болалар боғчалари қуриб, фойдаланишга топширилаётганидан аҳоли мамнун.