Bosh sahifa Jamiyat ТАДБИРКОРЛАР ИМТИЁЗЛАРДАН КЕНГ ФОЙДАЛАНМОҚДА

ТАДБИРКОРЛАР ИМТИЁЗЛАРДАН КЕНГ ФОЙДАЛАНМОҚДА

0

Коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт тармоқлари, саноат корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлаш, вақтинчалик қийинчиликларни бошдан кечираётган кичик ва ўрта бизнес вакилларига кенг имтиёзлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари имзоланди.

Хусусан, мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар билан солиқ тўловчиларга бир қатор имтиёз ва имкониятлар жорий этилди.

Аввало, пандемия даврида солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларига ташриф буюрмасдан солиқ мажбуриятларини бажариши учун уларга масофадан хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди. Бундай қулайлик ортидан, 3 минг 253 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқлари тўхтатилди. 

Жорий йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар (111,5 минг сўмгача) камайтирилди. Бунинг натижасида, 4 минг 956 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар ихтиёрида қарийб 3 миллиард сўм маблағ қолмоқда.

Миришкор ва деҳқонларнинг қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилгани улар учун муҳим янгилик бўлди. Яна бир асосий имтиёз, бу 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилганидир. Бунинг натижасида, 1 минг 638 нафар жисмоний шахснинг 1 миллиард 11 миллион сўмлик солиқлари кечиктирилди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати ҳам аввалги тартибдан фарқли 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилди. Жисмоний шахслар учун яна бир муҳим жиҳат, уларга ўз турар жойларини жисмоний шахслар ва коронавирус пандемияси даврида фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларига нотурар жойларни ижарага берганда улардан ижара ортидан олинадиган даромадлари бўйича солиқни фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилди. Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш бўйича берилган кечиктириш суммаси 2021 йил 1 апрелга қадар тенг улушларда тўланиши назарда тутилди. Бугунги кунга қадар вилоятимизда мазкур имтиёздан фойдаланган 311 та жисмоний шахснинг 120,8 млн сўмлик солиқлари кечиктирилди.

2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди. Бунинг самарасида 65 та хўжалик юритувчи субъектнинг 12 миллиард 434,5 миллион сўмлик жарималари кечиктирилди.

Солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриши, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмаслиги мазкур фармон билан қатъий белгиланди. Муҳими, 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди. 

Ҳозирги синовли даврда туризм соҳасида бироз қийинчиликлар кузатилаётгани боис, жорий йил 1 апрелдан 1 июлгача туристик ёки меҳмонхона йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилди. Шунингдек, 1 апрелдан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона ёки жойлаштириш хизматлари кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди. Натижада, вилоятда 77 нафар тадбиркорлик субъектларининг бир миллиард 488 миллион сўмлик солиқлари кечиктирилди. Ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларига ўз ишчи-ходимларини рағбатлантириш, иш ўринларини сақлаб қолиши, уларнинг бандлигини таъминлаши учун имконият яратилиб, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлаш имтиёзи берилди. 

Туроператорлар, турагентлар, шунингдек жойлаштириш воситалари учун 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилиши билан 20 та тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 253,3 миллион сўмлик қўшимча мабалағ қолди.

Бугунги кундаги вазият инобатга олиниб, 2020 йил 1 октябргача дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларни улгуржи сотишга рухсат берилди.

Ходимларни рағбатлантириш, оилавий бюджетини яхшилаш мақсадида 2020 йилда ходимга тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача оширилди.

Ўз фаолиятини тўхтатган ва товарлар ёки хизматлар реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 31 декабрга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳамда ижтимоий солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди. Энг муҳими, 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган фоизсиз кечиктириш берилган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммалари ҳисобдан чиқарилди. Натижада, 55 нафар солиқ тўловчининг 411,3 миллион сўмлик солиқлари ҳисобдан чиқарилди.

Кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди. Бунинг натижасида, 3 минг 135 нафар солиқ тўловчига 4 миллиард 818,6 миллион сўмлик солиқ имтиёзи берилди. 

Кичик тадбиркорлик субъектларининг 2020 йил 15 май ҳолатига ер ва мол-мулк солиғи бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималарининг ҳисобдан чиқарилиши натижасида, бир минг 672 нафар солиқ тўловчининг 29,6 миллион сўмлик пеня ва жарималаридан кечилди. 

2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилди (акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслардан ташқари). Бунинг самарасида, 12 минг 741 нафар солиқ тўловчига 6 миллиард 552,7 миллион сўмлик имтиёз берилди. 

Микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар, жарималар бўйича мавжуд қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилди. Давлат солиқ хизмати органлари 2020 йил 15 май ҳолатига микрофирма ва кичик корхоналарнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва ўтказиш бўйича инкассо топшириқномалари чақириб олинди. Натижада, 8 минг 717 нафар тадбиркорлик субъектининг 19 миллиард 793,7 миллион сўмлик инкассо топшириқномалари қайтариб олинди.

Микрофирма ва кичик корхоналарга 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ижро этилмаган тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқи берилди.

Ғиёс БЎРОНОВ, Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи