Bosh sahifa Yangiliklar Танишинг, Қуръон мусобақаси ғолиблари

Танишинг, Қуръон мусобақаси ғолиблари

0

Кеча Навоий шаҳридаги “Ҳазрат Алишер Навоий” масжидида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ҳифз (Қуръонни нечоғлик ёд олган) ва тиловат (сура ва оятларни ўқишда овознинг майинлиги) йўналишларида ўтказилган мусобақада қуйи босқичларда ғолиб бўлган 17 нафар иштирокчи қатнашди.

Мусобақа жараёнида тадбирга йиғилган юзлаб мусулмонлар илоҳий оҳанглардан баҳраманд бўлиб, навоийлик қори ва қорияларнинг билими ҳамда маҳоратларига гувоҳ бўлишди. Юртимизнинг таниқли уламолари, имом-домлаларидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати ғолибларни аниқлаб берди.

Натижаларга кўра, эркаклар ўртасида ҳифз йўналишида 26-40 ёш доирасида Кармана туманидан Ф.Шамиев, 18-25 ёшлилар ўртасида эса зарафшонлик Ҳ.Ҳошимов биринчи ўринга эга бўлди. Тиловат йўналишида кичиклар орасида нуроталик И.Истамов, катталар ўртасида эса Хатирчи тумани вакили Н.Нурмуҳаммедов биринчи ўринга лойиқ кўрилди.

Куннинг иккинчи ярмида мусобақанинг хотин-қизлар ўртасида ўтказилган босқичи ҳам якунига етди. Унда тиловат йўналишида Зарафшон шаҳридан ташриф буюрган Р.Акрамова ҳамда Ҳ.Зоировалар икки ёш доирасида ҳам биринчи ўринга эга бўлишди. Ҳифз йўналишида хатирчилик В.Нурмуҳаммедова ғолиб бўлди.

Тадбир қатнашчилари ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан рағбатлантирилди.

Эслатиб ўтамиз, вилоятимизда ўтказилган мусобақанинг илк босқичида 63 нафар эркак ҳамда 44 нафар аёл иштирок этган эди.