Bosh sahifa Yangiliklar Танловлардаги “танлов”лар ёхуд мактаб ўқувчиси роман ёзиши мумкинми?

Танловлардаги “танлов”лар ёхуд мактаб ўқувчиси роман ёзиши мумкинми?

0

Яқинда нуфузли республика танловларидан бирининг вилоят босқичида ҳакам бўлишим ҳақида айтишди. Очиғи энг ёмон кўрганим ҳакамлар ва ҳамлик қилиш. Чунки ҳар қандай танлов баҳоловчисига қарама-қарши фикр билдирадиган инсонлар, уларни адолатсизликда айбловчилар ва шу билан биргаликда ўзича “Адолатли бўламан”, – дея бироз оғишиб кетадиганлар ҳам топилади. Ёшлигимда кўплаб танловларда қатнашганман. Мен учун доим ҳакамлар ноҳақ, айбдор эди. Билмадим, уларни ҳар сафар қора рангларда кўрардим. Ўйлашингиз табиий: “Ўзинг ўтолмаганингдан кейин сен учун, албатта, улар ёмонда”.

Йўқ, ундай эмас. Ҳаттоки, бир танловда менга биринчи ўринни берганидан норози ҳам бўлганман. Чунки у ерда ўзимнинг устозим баҳоловчи эди. Балки бунга ота-онамнинг ёшлигимдан қулоғимга қуйиб келган: “Ўзингдан устунроқ инсонни кўрдингми, албатта, унга тан беришни ҳам ўрган. Ўзингга катта баҳо берма. Сендан ҳам кучлироғи, билимлироғи чиқиб қолса изза бўлиб қолишинг бор”, – деганлари сабабдир. Хуллас, ўшанда биринчи ўринни ололмаган иштирокчига чин дилдан ачингандим. Аниқроғи, виждоним қийналганди. (Ўзимни бироз мақтаб юбордимми?!)

Гапнинг индаллоси, тақдир тақазоси билан ўзим ҳам эрта-индин ҳакамлик қилишим даркор. Дастлаб низом билан яхшилаб танишиб чиқдим.

Демак, наср ва назм йўналишида, уч яъни 6-8, 9-12, 13-15 ёш тоифасидаги бўлажак Халқ шоирларию Халқ ёзувчиларини саралашим лозим. Нақадар оғир, масъулиятли жараён. Ҳайриятки, мен билан яна уч киши адолат тарозусини тортишга масъул. Низомга кўра ҳар бир иштирокчи берилган мавзуда ва белгиланган вақтда ўзининг ижодий маҳоратини кўрсатиши талаб этилган.

Биз “интизорлик” билан кутган танлов ҳам бошланди. Барча шаҳар-туманлардан “ижодкорман” деганнинг бари йиғилган. Ёш “ёзувчилар”, “шоирлар”. Шу билан биргаликда уларнинг ота-оналари, устозлари, мактаб етакчилари ҳамда оворайи сарсон уюм-уюм ҳужжатлар.

Танлов бошланишидан олдин уларга ҳакамларнинг талабини тушунтириб ўтдик. Ҳеч қайси иштирокчининг олиб келган ҳужжатларига қаралмаслиги, сабаби газета-журналдаги чоп этилган ижод маҳсулларининг аксарияти мухбирлар томонидан ишлангани, чоп этилган “сифатили” китобларни қайсидир нашриёт пул эвазига жимжимадор ҳарфлар билан, бежиримгина қилиб нашр этгани, айни ҳақиқат. (Бу билан нашриётлар ёки газета-журналларни айбдор санамоқчи эмасман. Улар ҳам нима қилсин. Илтимосни қуюқ қилиб келган ота-оналардан, устозлардан юзхотир қилиб ўтишолмайди. “Кўз-кўзга тушганда”, – деган гаплар бор).

Шундай қилиб ҳакамлар жамоаси келишиб, болаларнинг болаларча ёндошишлари учун “Ёмғир” мавзусини танлашди. (Чунки “Она”, “Ватан” мавзуларида десангиз баландпарвоз сўзлардан ёки насиҳатомуз мисралардан у ёғига ўтишмайди. Гоҳида бундай “шеър”ларни ўқисангиз, саккиз ёшли бола саксон ёшли чолга насиҳат қилётгандек, гўё). Ва ярим соат вақт берилди.

Кимдир эртак, кимдир шеър, кимдир ҳикоя ёзмоқда. “Мен шу пайтгача роман ёзганман. Ҳозир ҳам ёзсам майлим”, – дейди жужуккина қизча. “Эй, нима ёзсанг ёз. Хоҳласанг достон ёз!” дея жавоб қилди кекса ҳакамларимиздан бири ҳазиллашиб.

Берилган мавзуни белгиланган вақтда ёзиб тугатган иштирокчилар навбатма-навбат саҳнага чиқиб, ўзларининг тандирдан энди узилган ижод намуналарини ўқиб беришди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг “асар”лари мазмун ва шакл мувофиқлигига, имло хатоларнинг камлигига, ижодий ишнинг бадиий, ижтимоий қимматига, моҳиятига, билим доираси, тафаккур кенглиги, янгича қараш, янгича фикрлашига қараб баҳоланди.

Очиғини айтиш керак, бунақанги вилоят танловларига муносиб ижодкор ёшлар, қалам соҳиблари жуда ҳам кўп. Бироқ… бироқ шаҳар-туман босқичларигача бўлган жараёнда танловлар ҳудудларда ё ўтказилади, ё ўтказилмайди. Айниқса, икки оёқ бир этикка тиқилганда, юқоридан “шу танловга ўқувчи этиш керак”, деган огоҳлантиришлари ёдига тушиб, кўзига чиройли кўринган болани етаклаб келаётганлар йўқ десам, ҳали ишлатиб бўлинмаган виждоним қийналиб кетади. Буни айтишимнинг ҳам сабаби бор. Чунки бу танловга ҳам кўзга чиройли кўринган “шоир”лар, “ёзувчи”лар келишган. Ажабки, уларнинг орасидан қошиққа илинадигани топиш амри маҳол.

Кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмадик. Ноиложликдан, бошқаларга нисбатан ота-оналар, устозлар ҳамда томошабинлар гувоҳлигида уч кишини республика танлови учун саралаб олдик. Кўнглимиз номозшом гулларидек маъюс тортиб турган бир пайт, кимнингдир отаси бир уюм ҳужжатни кўтариб келиб, “Кўринг, қизимнинг олган мақтов ёрлиқларини. Мана фалон нашриётдан учта китобини чиқартирганман. Нима менинг қизимда хусуматингиз борми? Ёки сизлардан яхши ёзишини билиб, қўрққанингиздан ўтказмадингизми? Яқинда у ёзган “шеър” қўшиқ бўляпти. Ҳа, билдим бу ерда коррупция аралашган…”, дея жазавага тушар эди. Ваҳоланки, “Абдулла Воҳидов” деб турган, мисра билан гапнинг фарқига бормайдиган “Шоира”га ҳам, унинг “меҳрибон” отасига ҳам, устозларига ҳам ачиндим. Тумандан уни номзод сифатида олиб келган мутассадди раҳбарларига эса айтар сўзимни ҳам қизғондим.

Тағин отанинг: “Ҳали кўрасиз. Тегишли жойга чиқаман. Биласизми менинг кимлигимни”, деган гапларига эса кулгим қистайди. Ачиниб ҳам кетаман гоҳида. Ўйлаб қоласан киши, ҳақиқий ижодкорни тарбиялаётган ота-оналарнинг, устозларнинг ҳам энг аввало қалб кўзлари равшан бўлишлари керак эмасмикан? Улар бу кўрганларини ўзлари учун дастуриламал қилиб олмасликларига ким кафолат беради. Биз устозларимиз айтганидек: Ёзувчи тарбиялаяпмизми ёки “Ёзғувчи”?!

Дилноза АБДУҲАМИДОВА.