Bosh sahifa Jamiyat “Ташаббус-2019”: Навоий вилоятида 700 нафар номзод орасидан 5 нафар ғолиб номи аниқланди

“Ташаббус-2019”: Навоий вилоятида 700 нафар номзод орасидан 5 нафар ғолиб номи аниқланди

0

Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик-танловининг қамров доираси тобора кенгайиб бормоқда. Бу мазкур тадбирнинг Навоий   вилоят босқичида ҳам ўз исботини  топди. Унда  вилоятнинг туман ва шаҳарларида ғолибликни қўлга киритган   тадбиркорлар  қатнашиб, “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” , “Йилнинг энг яхши фермери” деб аталган асосий  йўналишлар ҳамда энг яхши тадбиркор аёл, энг яхши инновацион лойиҳа, энг яхши экспортчи, энг яхши оилавий  бизнес соҳиби, йилнинг энг яхши маҳсулоти номинациялари бўйича ўзаро беллашдилар.

Тадбирда ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлари билан иштирок этган ҳунармандлар, фермерлар, тадбиркорлар павильонлари байрамона безатилганлигига гувоҳ бўласиз.

— Бу йилги танловнинг туман ва шаҳарлар босқичида 700 дан ортиқ тадбиркорлар ўзаро беллашди, — дейди  савдо саноат палатаси  Навоий вилоят бўлими раиси  Дилшод Шакаров. — Бугунги вилоят босқичида  барча туман, шаҳарлардан келган 48 нафар тадбиркор иштирок этди.

Павильонлар кўзни қувонтиради. Бир томонда ёз неъматлари, ширин-шакар мевалар,  сабзавот ва полиз маҳсулотлари, бир томонда маҳобатли бинолар қурилиши макетлари,  яна бир томонда  ноёб туя қушлар рақси, ипаклари тиллодан нафис  кашталар, янги инновацион ёндашувларни ўзида мужассам этган эсдалик совғалари  сифатида тайёрланган  бетакрор гуллар ўлкасига кўзингиз тушади. Инсон қўли гул эканлигига  яна бир бор иқрор бўлмай иложингиз йўқ.

photo_2019-06-09_11-06-53

Карманалик  илғор фермер аёл — кўп тармоқли “Воҳид Мусо”  фермер хўжалиги раиси, “Энг илғор фермер” кўкрак нишонига сазовор бўлган  Юлдузхон Ярқулова 2 гектар боғ эгаси, 1000 бош броллер товуғи, 50 та ғоз ва ўрдаги,  200 та индюк, 100 та бедана,  55 гектар пахта, 55 гектар ғалласи бор. 96 туп лимонзорга эга, иссиқхонада помидорлар пишиб етилган. Унинг хизматлари “Йилнинг энг яхши фермери” деб аталган  асосий йўналишда 3-ўринга муносиб деб топилди.

Зарафшонлик якка тартибдаги тадбиркор Умида Сайфиеванинг павильонидан кўз узолмайсиз. Гўзаллик бурчагининг ўзи. Гуллар билан безатилган автобуснинг майдонга кириб келиши барчага кўтаринки кайфият ва  ажойиб хотираларни ёдга солгани аниқ.  Ўзига хос эсдалик совғалари ва гуллар      мажмуасига қараб тўймайсиз. Умидахон ҳам  “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”  асосий йўналиши бўйича 3-ўрин соҳиби деб эълон қилинди.

Тадбирнинг ҳаяжонли дақиқаларига етиб келдик. Навоий вилоят ҳокими, сенатор Қобулжон Турсунов “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” биринчи ўринга муносиб деб топилган  Навоий шаҳридаги  “ZARAFSHAN  GOLDEN  GROUP”    компаниясига,   “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” биринчи ўринга сазовор бўлган- Навоий шаҳридаги “Трайдинг сервис” корхонасига ,  “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” биринчи ўрин соҳиби замонавий интенсив балиқчилик фаолияти билан шуғулланадиган  “Экспорт Фиш Продукт” масъулияти чекланган жамиятига, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” биринчи ўрин ғолиблигини  қўлга киритган нуроталик якка тартибдаги тадбиркор Гулмира Исломовага,  “Йилнинг энг яхши фермери”  биринчи ўрин соҳиби Навбаҳор туманидаги “Сафо севди” кўп тармоқли фермер хўжалигига  совриндорлик дипломлари ва  қимматбаҳо эсдалик совғаларини  топширди.

photo_2019-06-08_16-34-17

— Корхонамизга қарашли “Камилла” меҳмонхонаси илгари ҳар кеча-кундузда 65 нафар меҳмонга хизмат кўрсатган бўлса, — дейди “Трайдинг сервис” корхонаси раҳбари, танлов ғолиби Фарҳод Эрназаров. — Кейинги йилларда туризмга юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратила бошлагач, жамоамиз  эндиликда  ҳар куни Хитой, Япония, Ҳиндистон, АҚШ, Россия, Молдова, Туркия каби давлатлардан диёримизга ташриф буюраётган меҳмонларнинг 160 нафарига замонавий талаблар даражасида сифатли хизматлар кўрсата олади.  Бунинг учун бизда барча шарт-шароитлар етарли.

photo_2019-06-09_11-06-22

—  Бундан ташқари,  вилоятга хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув ҳавзасининг жанубий қирғоғидан   14 гектар  ер ажратилиб, у ерда “Ал Азиз” экотуристик  мажмуасини  барпо этиш учун барча лойиҳа ва смета ҳужжатлари тайёрланган. Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига тўёна сифатида ушбу экотуристик марказнинг биринчи босқичи қурилиш ишлари амалга оширилади. Бу  эса  яна қўшимча 20 та  янги иш ўрни демакдир.

“Ташаббус-2019” кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳақиқий байрамга айланди,  дилрабо куй-қўшиқлар тадбиркорларга  туҳфа бўлди.

                                                                 Маруса ҲОСИЛОВА