Bosh sahifa Mualliflardan «ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»ДА ЖАНГ САНЪАТИ

«ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ»ДА ЖАНГ САНЪАТИ

0
фото: //www.facebook.com/profile.php?id=100013107633621

Улуғ аждодимиз Амир Темур, гарчи буюк жаҳонгир бўлса-да, куч-қудрат зўрлигу зўравонликда эмас, аксинча, адолат, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда эканини чуқур англаган. Унинг жанг бошқариш маҳорати, ўта мушкул ва имконсиз вазиятда ҳам тўғри йўл топа олиш қобилияти, ноёб ақл-заковати ҳар қандай одамни ҳайратга солади.

Амир Темур сиёсий тарқоқлик оқибатида парокандалик, оғир иқтисо­дий инқироз, босқинчиларнинг зўравонлиги, халқ норозилиги ва маъна­вий тушкунлик ҳукмрон бўлган Мовароуннаҳрни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолди. Юрт истиқболи учун матонатли кураш олиб бориб, марказлашган давлатни қайта тиклади. Давлат бошқарувида тартиб-интизом, қонуний­ликни мус­таҳ­кам­лаш, меҳнат аҳлига ҳурмат ва имконият, барқарор солиқ тизими, мам­лакат ҳимоясини таъминлашга катта эътибор берди. Ташқи сиёсатда душманлардан ҳимоя­ланиш, карвон йўлларининг хавфсизлигини таъмин­лаш, золим, сотқин ва хиёнаткор шахсларни жазолаш, ўз давлатининг сиёсий таъсирини кенгайтиришга ҳаракат қилган.

Маълумки, Темур тузган қўшин ўзининг стратегик ва тактик маҳорати билан ўша даврнинг энг мукаммал, кучли армияларидан ҳисобланади. Унинг ташкилотчиси ва етакчиси эса тажрибали, моҳир саркарда сифатида шуҳрат топди. «Темур тузуклари»да қўшиннинг тузилиши, қуролланиши, ҳарбий санъати ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Хусусан, унинг жанг олдидан сафга тизилиши ва қўшинларнинг жойлаштирилиши ҳақидаги маълумотлар ниҳоятда қимматлидир.

Соҳибқирон 3 йиллик, 5 йиллик ва 7 йиллик ҳарбий юришлари билан тарихда ўзига хос ном қозонди. Амир Темур забт этилган ҳудуд ёки салтанатда зудлик билан тартиб-интизом, адолат ва барқарорликни ўрнатишга ҳаракат қилган, аҳоли ҳолидан хабар олиб, етим-есирларнинг бошини силаган, олимлар, тарихчиларнинг ҳурматини жойига қўйиб, уларга шарт-шароит яратиб берган. Узлуксиз урушлар даврида ҳам ободончиликка катта эътибор берганини кўплаб тарихий манбалар тасдиқлайди.

У дўст-душманлигига қарамай, ҳар жойда сипоҳийларни ҳурмат қилди. Ғаним сипоҳидан бирор одам ўз валинеъматига сидқидилдан хизмат қилиб, уруш кунларида унга қарши қилич кўтарган бўлса ҳам, ундай одамга нисбатан лутф-марҳаматлар кўрсатди. Қошига паноҳ истаб келганда, уни қадрлади.

Амир Темур буюк саркарда сифатида, энг аввало, ўз армиясининг интизомига ниҳоятда эътибор берган. Зеро, интизомсиз қўшиннинг ғалабасига ишониб бўлмаслиги, тартиб-интизом, жанговар руҳиятнинг аҳамияти нечоғли муҳимлигини тўғри англаган. Унинг бой мероси бўлган «Темур тузуклари»да ўқиймиз: «…мен билан иттифоқи бузилган тоифадаги бошқа амирларни ҳам бирма-бир холи жойга чорлаб, ҳар қайсиси билан алоҳида гаплашдим. Булардан мол-дунёга ҳирс қўйган очкўз ва тамагирларига мол-ашё ваъда қилдим, мансаб-мартабага, мамлакатларни бошқаришга кўз тиккан амалпарастларга қўлга киритган мамлакатлар, вилоятлардан бирининг ҳокимлигини бердим». Бундан ташқари, сипоҳийларни ҳам озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб, ширин сўз, очиқ юз билан уларнинг ишончини қозонганини, бир хизматини ўн баробар қилиб тақдирлаб, дилларини хушнуд айлаганини таъкидлайди. Зотан, лашкарлардан кўнгли тинчиган Темур ҳар қандай жангга илдам ва ишонч билан кириша олган. «Темур тузуклари»ни жангу жадал, уруш майдонига кириш ва чиқиш, қўшинни сафлаш, ғаним лашкарларини синдириш тузуклари сифатида ўзига хос ҳарбий низом деб қараш жоиздир.

Амир Темур лашкарларининг кам ёки кўплигига қараб, унинг тузилмасини доим такомиллаштириб, жанг санъатининг янги тамойилларини ишлаб чиқишни ҳеч қачон кечиктирмасликни ёдда тутган ва буни барча жангларининг муваффақияти деб билган. Жанг санъатининг марказида лашкарларнинг интизоми, руҳий тетиклиги, қурол-аслаҳани ишлатиш маҳорати ва қийин вазиятларда ўта тезлик билан тадбирларни қўллай олиш, лашкарбошиларга нисбатан ишонч ҳамда мустақил қарорлар қабул қилишга изн бериш тактикасини ҳам кенг қўллаган.

Содиқ ТЕШАЕВ, Навоий шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили, катта лейтенант.