Bosh sahifa Jamiyat ТИЛИМИЗ БОШҚА, ДИЛИМИЗ БИР… (Навоийлик журналист Хитойда бўлиб қайтди)

ТИЛИМИЗ БОШҚА, ДИЛИМИЗ БИР… (Навоийлик журналист Хитойда бўлиб қайтди)

0

Хитой Халқ Республикаси — дунё  харитасидан аҳолиси  кўплиги, ишлаб чиқариши ривожланганлиги, янги инновацион ғоялар ижодкорлиги, техника тараққиётидаги улкан ютуқлари билан  мустаҳкам ўрин эгаллаган Чин мамлакати.  Аҳолисининг 92 фоизи Хитой Халқ Республикаси вакилларидан иборат. Бир юз йигирма тилда гаплашишади. Пурвиқор тоғлари, бетакрор дарё денгизлари, ҳаётнинг рангидек яшил ўрмонлари билан.  биз журналистларни  лол қолдирган  мамлакат. Ижодий сафаримизни Тошкент-Пекин авиарейси орқали     мазкур давлатнинг  пойтахти  Пекин шаҳридан бошладик. Ниҳоятда гўзал, осмонўпар бинолари, бетакрор гуллари,  дарахтлари, кўрган кишини ҳайратга соладиган автолари ва маҳобатли кўприкларини тасвирлашга тил ожиз.

Сафаримизнинг биринчи қадамлари  Пекиндаги   Минь ва  Циньлар сулоласи салтанати  даврида  императорлар учун қурилган Самовий  ибодатхонадан бошланди.  Умумий майдони 273 гектарлик мазкур ибодатхона  Хитойнинг  энг қадимий ва ўзига хос  олий даражадаги ансамблларидан бири ҳисобланади.

Бу  ноёб тарихий ёдгорлик деса арзийдиган маскан  1961 йилда  мамлакатдаги   эҳтиёт қилинадиган  энг муҳим маданий бойликлардан бирига айланди. 2009 йилда  давлат аҳамиятидаги  маданий тасвир ҳудуди сифатида қайд этилди.  Қисқа қилиб айтганда, Ибодатхона Пекин рамзларидан бирига айланган.

Ўзида қадимий руҳ ва жилоларни  сақлаб қолган бу комплексларнинг ҳар бирида ўзига хос  рангларни кўриш мумкин. Бир қарашда улкан бир боғни эслатадиган бу маскан  ҳамиша одамлар билан гавжум. Яшиллик олами, ҳар бир дарахтнинг тарихий умри  битилган   белгилар кишини ҳайратга солади.

Кейинги манзил- Император саройи. Асрларнинг силсиласини кўтарган бу саройнинг қўрғонлари шунчалик мустаҳкамки, ҳозир ҳам бирор ёғийнинг бу ерга қадам босиши амри маҳол.  Сарой деворларининг метинлиги ўз хусусиятини   асло йўқотмаган.  Миллионлаб одамлар ташрифига қарамасдан  Саройдаги  мингга яқин  хоналар  асл   ҳолича сақланган. Кўтарилиш зиналарининг  барчасида 9 та пиллапояни кўриш мумкин. Бунда тўққиз рақамининг қандайдир хосияти  ўз аксини  топганлиги аниқ.

Иккинчи кунимиз    Хитой марказий телевидениеси билан танишишдан бошланди. Марказий телевидение 60 йиллик юбилей арафасида экан. 10 000 дан ортиқ ходим хизмат қилади.

photo_2018-11-07_15-15-03

Телевидение биноси 54 қаватдан иборат. 37-қаватда шишадан қилинган айлана полдан пастга қараш қанчалик  ваҳимали эканлигини тасаввур  қилдик.  Журналистларни синовдан ўтказиш усулларидан бири деб тушундик бу ойна полни.  Ахборот узатиш  технологияларининг замонавийлиги, ходимларнинг  юқори савияси кўрсатувларнинг сифатини таъминламоқда.

Хитой Марказий телевидениесининг рус тили кўрсатувлари дирекцияси  раҳбарларидан бири жаноб Хуан ва рус тилидаги кўрсатувларни эфирга узатаётган ходимлар билан  учрашувимиз ҳар икки томон учун ҳам қизиқарли бўлди. Энг аввало марказий телевидение биносининг бетакрорлиги, керак бўлса ҳаммани ҳайратга соладиган даражада  маҳобатли эканлигига қойил қолдик. Ўн йилдан буён эфирга узатилаётган рус тилидаги кўрсатувларни тайёрлашда 150 нафар ижодий ходим  меҳнат қилмоқда. 24 соатлик эфир вақтида янгиликлар, нуқтаи назар,маданий ва кўнгилочар кўрсатувларнинг  Россия, Беларуссия, Қозоғистон  ва бошқа бир қатор давлатларга узатилиши йўлга қўйилган. Шундан 8 соати  жонли эфир.  Телевидение кўрсатувларидан нафақат Хитой балки, бошқа давлатлар ҳаётига оид янгиликлар ҳам ўрин олган.

— Телетомошабинларимиз сони ҳозирча 1 миллионга яқин, — дейди Хуан жаноблари. — Сайтимиз ва интернет  тармоқлари орқали  3000 обуначиларимиз бор. Улар қамровини янада кенгайтирамиз. Чет эллик ҳамкорлар билан  яхши алоқадамиз. Келгусида Ўзбекистон билан ҳам  ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор. Энг катта ютуқларимиздан бири ахборотни тўғри  узатишдан иборат.

Суҳбатдошимиз  Россия Федерациясида  аниқроғи Москвада  таҳсил олган.  “РИА Новости” — Россия Ахборот агентлигида  ишлаб, етарли тажриба тўплаган.

Халқаро коммуникация марказидаги учрашув ҳам таассуротларга бой бўлди. Хитойнинг ривожланиш босқичлари ва қўлга киритган ютуқлари, бой маданий мероси,   саноати, санъати, барча-барчаси тўғрисидаги ҳужжатли фильмлар шу марказда яратилади.   Радио ва телевидение Корпорацияси вице  раиси Эй Сюн бяо  кабинет директори Ли Минди, радиоянгиликлар бўйича бош директор Чжао Лин,  Бош  муҳаррир кабинетининг  директор ўринбосари Чэн Ян, Хайся телеканали бош директори Фан Шаоюн, Фуцзянь телерадиоэшиттиришлари бошлиғи Гао Чуньфан, Дуннань телеканали директори ёрдамчиси Ли Хунлар билан учрашувда уларнинг  иш тажрибаси билан танишдик.  Хайся телеканали  кўрсатувлари 129 та давлатни қамраб олган.  Дуннань  телеканали Шимолий Америка  ва  Европа   хамда Жанубий Шарқий Осиёни  қамраб олганлиги билан эътиборга лойиқ.  Халқаро  ҳамкорлик алоқалари  янада  мустаҳкамланмоқда.  Жорий йилнинг ўзида Бразилия,  Жанубий Америка билан  тажриба алмашиш   тўғрисида шартномалар имзоланган.  Халқаро даражадаги Мультимедия студиясининг қурилиши  ахборот тўплаш ва тармоқлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради.  Ижодий гуруҳ шунингдек,   Таиланд, Малайзия,  Сингапур, Индонезия,  Филлипин, Япония, Европа  каби ўнлаб давлатлар оммавий  ахборот  воситалари билан  узоқ муддатли  ҳамкорликка эришган.

Хитой газеталари ҳам  жаҳондаги етакчи  нашрлар қаторига киради.   “Жэньминь жибао” газетасида мингдан ортиқ журналистлар хизмат қилади. Дунёнинг турли мамлакатларида 70 дан ортиқ мухбирлик бўлимлари  мавжуд.  Газета тиражи  2 миллион 800 мингдан ортиқ .  15 июнь 1948 йилда    ХХР  марказий қўмитаси бюроси нашри сифатида ташкил этилган мазкур газета 1949 йил 1 августда Хитой Халқ Республикаси ташкил топган кун арафасида  Хитой коммунистик  партиясининг   расмий нашрига айлантирилган.   Мао  Цээдун ўз қўли билан унга ном қўйган. Кундалик газета хитой,  рус,  инглиз, япон, француз,  испан, араб, монгол, тибет, уйғур, қозоқ, корейс тилларида чоп этилади.

Кейинги манзилимиз Фуцзянь  провинцияси. Қисқача номланиши Минь деб аталадиган бу жой мамлакатнинг энг катта ҳудудларидан бири саналади. Қуруқликдаги майдони 124 минг квадрат километр. 136 минг квадрат километр эса денгиз экваторийсига тўғри келади.  Аҳолиси 38,74 миллион кишидан  иборат.  Провинция таркибига 9 та йирик шаҳар ва  85 та  район  киради. Нафақат иқтисодий ривожланиш нуқтаси, балки фан ҳам, маданият ҳам, таълим ва маърифат бобида ҳам ўзига хос мактаб яратган ўлка. Барча шаҳар ва  районларида  оптик толали гигабит тарқатилган.  Барча қишлоқлари 3G  алоқаси билан тўлиқ таъминланган.  Барча шаҳар ва районлари эса 4G алоқасидан фойдаланади.  Оилавий кенг полосали доимий интернет тармоғидан фойдаланиш коэффиценти 77,2 фоиз. Мобиль интернетдан фойдаланиш эса 78,6 фоизни ташкил этади.

Фуцзянь газетаси таҳририятида бўлдик.   Бу газета  300 000 нусхада  ҳар куни чоп этилади.  Газетанинг мобил версияси ҳам бор. Ундан 6 миллион киши фойдаланади. Янги медиа бозорида барча соҳалар  алоҳида тармоқлар бўйича 11 та газетага бўлинган бўлиб 16 бетлик ҳар бир газетанинг ўз ўқувчиси бор. Хитой тилида чоп этилади.

-Оддий фуқаролар умумий ҳаёт ҳақидаги газетани кўпроқ ўқийди-, дейди . газета раҳбари Фу Цзянь Жи Бао жаноблари.

Газеталарнинг ҳар бир саҳифаси  рангли суратларга бой. Инфографикадан кенг фойдаланилади.

Бундан ташқари, мамлакатдаги  “Бизнес” деб номланган газетада бизнес  оламига кирасиз, хабарлар ва рекламалар ёрқин рангларда ёритилганлигини  кўриш мумкин.  “ China daily” газетаси  инглиз тилида чоп этилган бўлиб, унда нафақат Хитой балки бошқа Марокко, Иордания, Япония, Германия,  Австралия, Франция ва қатор давлатлардан мақолалар ёритилган.

Ижодий сафаримиз давомида  хитойлик дўстлар билан таржимон орқали гаплашган бўлсак-да, тилимиз бошқа-бошқа бўлса ҳам дилларимиз, урф-одатларимиз, айрим анъаналаримиз бир-бирига мос ва яқин эканлигини юракдан ҳис этдик.

Мазкур провинциядаги сафаримиз  таассуротлари ҳали узоқ вақт давом этади. Хитойдаги энг нуфузли Сямэнь университети ҳақида кейинроқ ҳикоя қиламиз.

photo_2018-11-07_15-16-06

Маруса ҲОСИЛОВА,  Тошкент-Пекин-Фуцзянь- Пекин-Тошкент.