Bosh sahifa E'tirof Тилимиз, дилимиз, динимиз бир юрт (Навоийлик журналистнинг Озарбайжондаги...

Тилимиз, дилимиз, динимиз бир юрт (Навоийлик журналистнинг Озарбайжондаги сафар таассуротлари)

0

Шукрким, юртимиз тинч. Дунёмиз тинч. Демак кўнглимиз хотиржам. Ўзбекистонга дунёнинг хоҳлаган давлатидан сайёҳларнинг келишига кейинги икки йилда қаратилган эътибор, берилган имконият ва имтиёзлар юртимизга  сайёҳлар оқимининг ошишига сабаб бўлганлигини  жуда яхши биламиз. Энг асосий ИМКОНИЯТ эса аниқ- ТИНЧЛИКнинг барқарорлиги!

Худди шунингдек, ўзбекистонликлар  учун ҳам хоҳлаган юрт эшиги доимо очиқ. Талабалик давримизда худди ўзимизнинг севимли шоиримиздек севиб ўқиганимиз Самад Вурғуннинг шеърлари орқали  таниганимиз, ҳавас қилганимиз Озарбайжон  юрти билан  Ўзбекистонимизнинг кўнгли яқин.   Тинчлик йўлланмаси билан   ана шу дўстлик  ва  қардошлик  юртида бўлдик. Азалдан биз билан  бир дарахтнинг япроқлари,  бир дарахтнинг илдизлари каби  мустаҳкам бўлган   республика пойтахти -Боку шаҳридан олган таассуротларимиз  бир олам.

Авиарейсимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан  парвоз қилиб, икки соатдан сал ошиқроқ  вақтдан сўнг  Ҳейдар Алиев номидаги Боку халқаро аэропортига қўнган чоғда ҳаво булутли  ва тунд бўлишига қарамасдан Озарбайжон заминига қадам қўйишимиз билан икки давлат ўртасидаги азалий дўстликнинг илиқ ҳарорати   қалбимизни эгаллаб олди. Ўзимизни эркин,  худди ўз юртимизда юргандек  ҳис эта бошладик. Табиати, суви, гўзал манзаралари бир олам, меҳмондўст, маданиятли халқи қадрдон. Озода ва покиза кўчалар, қучоғи гулларга тўла Боку шаҳридаги тарихий ва маданий, муқаддас қадамжоларни санаб  саноғига ета олмайсиз.  Машҳур “Қиз қалъаси” ривоятлари, Озарбайжон Адабиёт музейи, Фавворалар майдони, Юрий Никулин  ижросидаги машҳур “Бриллиант қўл” фильми суратга олинган кўча,  Озарбайжонда яшаб,  нефть саноатини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшган, нефть магнатлари- машҳур Альфред Нобелнинг   қариндошлари хотираси учун ташкил этилган уй музейи,  ўзига хос такси  автолари, тунеллардаги эскалаторлар, йилнинг тўрт фаслида, кечаю кундуз ёниб турадиган  “Ёнартоғ” давлат тарихий маданият ва табиат қўриқхонаси, тошлар фалсафасини  ўзида жамлаган, мусиқали тошлари бор Қобустон миллий тарих қўриқхонаси, хуллас, бир томони қадим Бухоронинг Лаби Ҳовузини эсга солувчи  гумбазли обидалар, бир томони Москвадаги метин ва маҳобатли биноларни эслатувчи иншоотлар, бир томони Кичик Венецияни эслатувчи гўзал  оролча, Каспий денгизининг ложувард тўлқинларини қуёшда нурли товланиши, улкан-улкан, антиқа дарахтларда пахтадек очилган момиқ  толалар, кенг майдонда вулқонларнинг  қайнаб туриши,  сан-саноқсиз нефть конларини аниқлайдиган электр бурғуларининг тинимсиз ишлаши ҳар қандай кишини ҳайратда қолдириши аниқ!

Париж архитектураси намуналаридан андоза олиб  қурилаётган янги  Оқ шаҳар бинолари бир-биридан  гўзал.

Президент Илҳом Алиев ташаббуси билан Озарбайжоннинг биринчи Президенти Ҳейдар Алиев хотирасига қурилган Ҳейдар Мачити нур ёғилган нурли манзиллардан бири бўлиб, озар элининг фахри, ифтихори сифатида  муқаддас қадамжога айланган.

Айниқса, ахборот технологияларидан, интернетдан фойдаланиш, одамлар учун қулайликлар бобида ҳам мақтанса арзигулик томонлари кўп экан. Аэропортдан тортиб, токи денгиз бўйигача Вай-Файдан бепул фойдаланиш    имконияти ҳаммада бор. Ресторан ва кафелар, истироҳат боғларида “Бепул интернет хизматидан фойдаланинг!”, деган эълонлар ва эслатмаларни учратасиз.  Энг муҳими, интернет тезлиги жуда юқори.  Бактелекомнинг интернет хизматидан барча беминнат баҳраманд.

ҲАМ  ШАРИФ БУХОРО, ҲАМ КИЧИК ВЕНЕЦИЯГА ЎХШАГАН ШАҲАР

Ўзбек билан Озарнинг тили бир, дили бир, дини бир.       Ҳатто буғдой нонининг хушбўй таъми,  ранги ҳам  бир хил. Биринчи кўришда Бухорои шарифни эслатувчи гумбазли қалъа.  Бу қалъанинг  баланд деворлари   пишган ғиштдан, йўллари тошдан. Озодалигига тан бермай иложингиз йўқ. Фавворалар майдонида  бири-бирига ўхшамаган мўъжизаларни  учратасиз. Шакллари турлича фавворалар гўзал. Дам олиб ўтириш учун қўйилган скамейкалар шу қадар кўпки, у ҳаммага етади, меҳмонлар билан мезбонларнинг  кети узилмайди. Бутун оилалар бола -чақаси билан ҳордиқ чиқаради. Эътибор қилдик, ўриндиқлар атрофида бирор киши, у кичикми, каттами қатъий назар на бўшаган бутилка, на бирор нарса қолдиғини ташлагани йўқ.  Шаҳарнинг бирор ерида уюлган чиқиндига кўзимиз тушмади. Ҳар бир кўча, ҳар бир қарич ерда гўзал манзара, анвойи гуллар.  Тўйиб-тўйиб нафас оласиз. Бир кунда ўн,  ҳатто йигирма километр  яёв юриб ҳам чарчамайсиз.

Озарбайжонликлар йўл қоидасига қатъий риоя қилишади. Пиёдаларнинг йўлларни  кесиб ўтиш ҳолати умуман йўқ.  Пиёдалар ўтиши учун қилинган эскалаторли замонавий чиннидек тоза ва чароғон   ер ости тунелларини сал бўлмаса театр фойеларига ўхшатиш мумкин.

Таксилари худди Лондон кўчаларида юрадиган таксилардек оригинал автолар. Ҳайдовчиларга ҳам талаблар кучли. Масалан, оддийгина бир жиҳатни айтсак,   ҳайдовчиларга  машина бошқараётганда, енгил тапочка яъни  орқа- олди очиқ шиппак кийиш мумкин эмас. Бу қоида тариқасида амалиётга киритилган. Кимда- ким бу қоидани бузса, 50 манат жарима тўлашга мажбур бўлади.

Баку кўчаларида  бир-бирига ўхшамаган замонавий русумдаги қимматбаҳо  машиналар  аҳоли турмуш даражасининг юқорилигини кўрсатиб турарди.  Шу билан бирга   бокуликларнинг “Жигули” автосига ҳам  меҳри бўлакчалигига гувоҳ бўлдик. Ностальгия!

Худди ҳамма нарса тарихийдек. Ўзига хос, бетакрор обидалар кўп.

ҚИЗ  ҚАЛЪАСИ”  ҲАҚИДА  РИВОЯТ

Ташқаридан худди оддий   ёпиқ минорани эслатадиган бу бино тилсимларга, сирларга бой.  12 асрда бунёд этилган бу мажмуа Боку шаҳрининг рамзи ҳисобланади. Шаҳарнинг энг қадимий  тарихий масканларидан биридир.

Ўн икки асрнинг тош зиналаридан чиқаркансиз, 21 асрнинг инновацион технологиялари акс этган  ўтмиш ва бугуннинг илғор манзарасини кўриб ҳайратланасиз. Бу тарихий музей ҳақидаги маълумотлар жойланган электрон китоб ойна остида  тилга кирса, Бокунинг қалби бўлган бу маскан ҳақида кўп маълумотларни билиб оласиз. Саккиз қаватли бу бинонинг  кичик туйнуклари соҳилга қараган. Бу тарихий музейга ҳар куни 500 дан ортиқ киши ташриф буюради.  Чет давлатлардан келадиган  сайёҳлардан фарқли ўлароқ, Ўрта Осиёдаги давлатлар, жумладан,  қардош Ўзбекистондан келган меҳмонлар учун музейга киришда  имтиёзлар ҳам борлиги азалий дўстлик ришталари узилмаслигидан далолат бериб турарди.  Улкан  тарихий юксалишларнинг шоҳиди бўлган бу  қалъа  ҳақидаги ривоятлар билан биз ҳам  қизиқдик. Бу қалъанинг сирларини билгимиз келди.

Қадим ўтган замонларда Хоннинг соҳибжамол қизи бўлган эмиш. Қизининг саройдаги  қўриқчилардан бирига кўнгил қўйганини  эшитган ота  қўриқчини қатл этиб, қизни бошқа бир йигитга узатмоқчи бўлибди. Қиз эса отасининг бу қарорига асло рози бўлмабди. Хон қизига жазо  ҳамда унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида  шу  ёпиқ қалъага қамаб қўйиб, юртни хотиржам бошқармоқчи бўлибди.  Хоннинг барча режалари барбод бўлиб, севганидан айрилган  хон қизи эса ўзини  шу  баланд қалъадан сувга ташлаб, ишқ эртагига фожиали нуқта қўйибди.  Бу қалъа ҳақида бошқа ривоятлар ҳам бор экан…

АДАБИЁТГА ЮКСАК  ЭЪТИБОР…

Боку шаҳрида бир-бирига ўхшамаган бетакрор архитектура намуналарини кўриб ҳайратланасиз.  Меҳмонхоналар, минг хил совға сотиладиган гумбазли дўкончалар, тарих музейи, қўғирчоқ театри,  Фузулий, Воқиф ва  ўнлаб ҳассос шоир ва ёзувчиларнинг ҳайкаллари кўрк бериб турган шоирлар хиёбони. Бу шаҳарнинг биргина бўлаги холос. Бизга шаҳарни таништираётган ҳамроҳимиз  китоб шаклидаги баланд-баланд иморатлар ёнидан ўтаётганимизда  “ Ёзувчиларга берилган уйлар” деб изоҳ бериб ўтди. Бу уйлар  шоир ва ёзувчиларга бепул берилади, дея қўшиб қўйди, у китоб шаклида қурилган ўнлаб уйларга ишора қилиб.

Адабиётга яна бир юксак эътиборни 12 асрдан сўзлагувчи Озарбайжон  Миллий Фанлар Академиясининг Низомий Ганжавий номидаги   Адабиёт музейида ҳам кўриш мумкин.  Адабиёт музейига ҳар бир  қадам босганингиз қадар юксак тафаккур дурдоналаридан баҳраманд бўласиз.  Буюк Ипак йўли ўтган бронза асри, халқ оғзаки ижоди, буюк достонлар Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си акс этган суратлар ва гиламларга жойланган қаҳрамонлар  сиймоси   қалбингиздан  чуқур жой олади.

Адабиёт музейи шу қадар сокин ва улуғворки, ўзингизни бутун дунёни унутиб, фақат адабиёт оламида ҳис этасиз.  Ҳар бир асарда, ҳар бир суратда  ўлмас тарих, ўлмас тафаккур дурдоналари муҳрланганлигини кўриб, кўнглингиз ёришиб кетади.

1941  суронли уруш бошланганига қарамасдан  Низомий Ганжавийнинг 800 йиллик  юбилейи  Ленинградда Эрмитажда ўтказилганлиги аск этган  тарихий сурат музейдан жой олган. Фузулийнинг  озарбайжон, форс, араб тилида ёзилган асарлари ҳам музейнинг  бебаҳо бойлиги.

Бу дунёнинг бутун бойлигига ҳам алмашмайдиган маънавий  тафаккур дурдонаси бўлган бетакрор асарлар қаҳрамонларининг суратлари, адабиёт энциклопедияси акс этган гилам ҳақида гапираётган  музей ходимининг ҳар сўзида фахр-ифтихор мужассам эди. Афсуски, адабиёт музейида суратга олиш ман этилганлиги учун у ердаги бебаҳо бойликлардан  сизни  баҳраманд этолмаймиз.

Адабиёт музейидан турли йилларда ижод қилган Озарбайжон шони шуҳратига шараф қўшган шоир ва шоиралар, адабиёт намоёндаларининг  ижод намуналари жой олган. Рубоийлари билан шуҳрат қозонган биринчи аёл ижодкор шоира Мехсети Ганжавий шунингдек шахмат бобида ҳам  тенги йўқ бўлган экан. Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий портрети ҳам музейга нур бағишлаб турибди. Навоийни севиб ўқиётган Озарбайжон билан сўзимиз ва ижодимиз муштараклигидан мамнун бўлдик. Музей ходими таърифлаётган “Кўр ўғли” достони кўз ўнгимизга  ўзимизнинг “Гўр ўғли” достонини гавдалантирди. Достон куйлайдиган гопуз асбоби худди бизнинг бахшиларнинг дўмбирасидек музейдан жой олган. Ўхшашликларимиз шу қадар кўпки, деярли ҳар соҳада, ҳар  қадамда.

Яна бир муҳим  жиҳатга қойил қолдик. Озарбайжонда  ўз тилига эътибор ва эътиқод жуда кучли. Гарчи деярли кўпчилик кўплаб бошқа чет тилларини билса ҳам,  барча шиорлар, ҳужжатлар фақат озарбайжон тилида.

ПРЕЗИДЕНТ  РАФИҚАСИНИНГ   ЭЛГА  ЭҲТИРОМИ

Озарбайжоннинг  аҳолиси  унчалик кўп эмас. Эндигина ўн миллионга етган холос. Ўн миллионинчи   қизалоқ  туғилганда,  Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси Меҳрибон Алиева бу воқеани юртга, Озар элига юксак эҳтироми сифатида алоҳида эътироф этганлигини ғурурланиб ҳикоя қилишди. Янги туғилган чақалоққа Меҳрибон деб исм қўйганлари ва  унга давлат томонидан 150 минг манат мукофот ҳамда квартира совға қилинганлигини ҳам оддий одамлар жуда катта қувонч билан эслаб юрибди.  Озарбайжон тарихидан  жой олган жажжи қизалоқ- Меҳрибон  эса  давлатнинг ижтимоий ҳимоясида, биринчи хонимнинг  назоратида.

Таассуротлар, яхши хотиралар  жуда кўп. Озарбайжоннинг ардоқли шоири Самад Вурғун сатрлари билан айтганда:

Бир орзунинг мевасидир ҳар кичик асар,

Ўйланаман, тилга келур қалбимдан бир сас,

Дейди: шоир, жуда соз-ку бу ширин ўйлар,

Лекин борлиқ бир юракка афсуски, сиғмас.

Маруса ҲОСИЛОВА,  “Инсон ва қонун” газетаси Навоий  вилоят мухбири.