Bosh sahifa Yangiliklar Томдилик ҳамширанинг Президентга мурожаати амалга ошди

Томдилик ҳамширанинг Президентга мурожаати амалга ошди

0

Президентимизнинг жорий йил 2 март куни воҳамизга ташрифи мобайнида Томди туманида аҳоли билан учрашув ўтказилиб, унда мазкур ҳудудда яшовчи Венера Сибаева томонидан “Тез тиббий ёрдам” автомашиналари сонини кўпайтириш тўғрисида мурожаат қилинган эди.

Унинг ижроси юзасидан куни кеча Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота ва Хатирчи туманларидаги қишлоқ врачлик пунктларига узоқ масофаларни босиб ўтишга чидамлилиги билан ажралиб турадиган “УАЗ” русумли 15 та “Тез тиббий ёрдам” автомобили берилди.

Кармана туманидаги “Металлург” сиҳатгоҳида автомашиналарни топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилиб, унда вилоят ҳокими Қ. Турсунов ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси бош директори Қ. Санақулов қатнашди.

2

– Шошилинч ҳолатларда энг зарур воситалар билан жиҳозлантирилган гуруҳнинг биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида чақириқ жойига тезкорлик билан етиб келиши муҳим аҳамиятга эга, – дейди Томди туман тиббиёт бирлашмаси кўптармоқли марказий поликлиникаси катта ҳамшираси В. Сибаева. – Янги “Тез тиббий ёрдам” автоуловлари барча керакли буюм ва жиҳозлар билан таъминланган. Ушбу эзгу ғояни амалга оширишга кўмаклашгани учун давлатимиз раҳбарига ва барча яхши ниятли инсонларга катта раҳмат айтамиз. Тиббий хизмат сифати ошганлигидан ҳамкасбларим билан чексиз қувонмоқдамиз. Эндиликда бизга кўрсатилган ишончни оқлашга янада масъулият билан ёндашиб хизмат қиламиз.

Тантанали маросимда автомобиллар ўз эгаларига топширилгач, “Тез тиббий ёрдам” машиналари туманлар бўйлаб йўл олди.