Bosh sahifa Mualliflardan ТОМОРҚАДА ПОМИДОР ЕТИШТИРИШ НЕГА ҚИЙИНЛАШМОҚДА?

ТОМОРҚАДА ПОМИДОР ЕТИШТИРИШ НЕГА ҚИЙИНЛАШМОҚДА?

0

Италянчадан олинган “олтин олма” маъносини англатувчи помидор маҳсулотини томорқаларда етиштириш сўнгги йилларда бир мунча қийинлашмоқда. Бунинг бир қатор ўзига хос сабаблари бор. Хусусан, айни пайтда ҳам очиқ майдонларда аҳолига тегишли ерларда баравж ривожланаётган помидорларнинг қовжираб қолганлиги кўзга ташланмоқда.

Жумладан, Навбаҳор туманининг Оқолтин, Арабхона, Арабсарой, Метан, Янгиқўрғон каби қишлоқларида олиб борилган ўрганишлар мазкур ҳудудда экинлар помидор куясидан катта зарар кўраётгани аниқланди. Худди шундай ҳолат вилоятимизнинг деярли барча қишлоқ хўжаликка ихтисослашган ҳудудларида мавжуд.

 Помидор куяси – катта иқтисодий зарар

Мазкур ҳашарот бир йилда 12 марта насл қолдириб, жуда тез кўпаяди. Бу ҳашаротга қарши йил давомида курашиш лозим. Тажрибали деҳқонларнинг сўзларига қараганда, помидор куяси илгари юртимизда учрамаган. Улар хориж уруғлари билан кириб келган, деган тахминлар бор. Ҳозирги кунда очиқ дала учун помидорнинг 50 та нав ва дурагайи маҳаллийлаштирилган бўлса, шулардан 30 таси чет эл дурагайлари ҳисобланади. Асосий майдонларда ҳам хориждан олиб келинаётган дурагайлар жойлаштирилаётганини кузатиб, бу гапларда жон бормикан, деб ўйлаб қоласан, киши.

Помидор куяси ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинггина эмас, бутун дунё деҳқонларининг оғриқли муаммосига айланган. Дастлаб у 1980 йилда мазкур помидор ватани бўлган Жанубий Америкада аниқланган. Кейинчалик эса Европа ва бошқа мамлакатларда кенг тарқалиб, катта зарар келтира бошлаган. Бу офат 2010 йилнинг кузидан Россияда, 2011 йилда Қозоғистонда бўй кўрсатган бўлса, Ўзбекистонда илк бор 2015 йилда иссиқхоналарда дуч келинди. 2016 йилдан эса очиқ майдонларга кўчган. Жорий йилда ундан, айниқса, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари деҳқонлари катта зарар кўрмлоқда.

Биргина Навоий вилоятида 12,5 минг гектар томорқа ерлари мавжуд. Мазкур ерларнинг энг камида жорий баҳорда 30 фоизига помидор экилган ва бугунги кунда ҳосил кутилгани каби эмас. Аслида помидордан гектарига 30-40 тонна ҳосил олиш мумкинлигини инобатга олсак, зарар миқдори оз эмаслигини билиш мумкин.

 Иссиқхона – помидор етиштиришнинг ягона чорасими?

Навоий вилояти саноатлашган минтақа саналади. Шунинг учун Навоий шаҳри ва Кармана тумани ҳудудида жойлашган бир қатор йирик саноат корхоналаридан атмосферага кўтарилаётган зарарли газлар тонгда шудринг бўлиб қайта ерга тушмоқда. Бу омил ҳам албатта очиқ майдондаги экинларнинг ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, Кармана ва Навбаҳор туманлари ҳамда Навоий шаҳрида айни пайтда помидордар асосан иссиқхонадагина яхши ҳосил бермоқда. Яъни иссиқхона нафақат экинни зарарли кимёвий моддалар билан тўйинган шудрингдан, балки куядан ҳам сақлаяпти. Шунга қарамай помидор куяси иссиқхона ичига кирмайди, деб бўлмайди. Фақат бу жараён секинлашиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда унга қарши кимёвий воситалар билан кураршиш лозим. Очиқ майдонда экилган помидорларда ҳашаротга қарши курашишнинг энг яхши воситаси  фераном қутилари саналади. Мазкур ёпишқоқ модда суртилган қутилардаги шира помидор куясини ўзга жалб қилади ва натижада урғочи капалак помидор баргларига уруғ қўя олмай нобуд бўлади. У бир маротабада 170 тагача уруғ қўйиши мумкин.

Помидор куяси таъсирини камайтириш учун тизимли тадбирлар олиб борилмоғи керак. Аввало, унга қарши кимёвий курашиш йўлларини ҳар бир томорқа эгаси яхшилаб билиб олиш лозим. Шуни унутмаслик керакки, куяга қарши тадбирлар ўз вақтида тўлиқ амалга оширилган тақдирда ҳам ҳосилдлорлик 5 фоизга камаяди. Бу мазкур зараркунандалар билан қарши кураршишда агрономлар, карантин идоралари мутахассислари ҳамда туманлардаги зараркунадаларга қарши капалаклар етиштирувчи корхоналар билан яқин ҳамкорликда ишлаш лозимлигини кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, “олтин олма”га эга бўлишнинг машаққати бугунги кунда осон эмас. Аммо ҳосилнинг баракаси ва даромади ҳам шунга яраша бўлишини унутмайлик. Зеро, помидор ҳар бир дастурхонда энг севимли маҳсулот – неъмат саналади.

Охунжон ОБЛОҚУЛОВ,                                                                                         Муталлиб УБАЙДУЛЛАЕВ,                                                                                     Навоий вилояти ўсимликлар карантини                                                                 Давлат инспекцияси инспекторлари.