Bosh sahifa Jamiyat ТОМОРҚАДАН БАРАКА ТОПАЁТГАНЛАР

ТОМОРҚАДАН БАРАКА ТОПАЁТГАНЛАР

0

Томорқа — даромад манбаи. Буни чуқур англаб етган инсон борки, бир қарич еридан ҳам унумли фойдаланиб, яхшигина даромадга эга бўлмоқда. Айни пайтда қишлоқ хўжалигида иш қизғин паллага кирди. Ерни қадрини билганлар аллақачон ўз экин майдонини обод этишга киришди.

Навоий шаҳридаги «Бинокор” маҳалласида ҳам ерни тилини биладиган миришкор-деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади.

Айни пайтда маҳаллада 2450 нафар аҳоли истиқомат қилаяпти. Маҳалладаги жами 799 та хонадоннинг 459 тасида томорқа майдони мавжуд бўлиб, улар бу имкониятдан самарали фойдаланиб келишмоқда.

Хусусан, маҳалланинг «Мир Саид Барака” номли кўчасида истиқомат қилаётган Шавқиддин Шарипов хонадонининг 1 сотих майдонида ташкил этилган мўъжазгина иссиқхона эътиборингизни тортади. Айни пайтда бу майдонда помидор ва бодринг ниҳоллари парваришланмоқда.

Ташкил этилганига 3 йил бўлган бу иссиқхонадан Шавқиддин ака ҳар йили 3 марта ҳосил олади. Томорқадаги 30 дан ортиқ мевали дарахтлар эса аллақачон ҳосилга кирган.

Мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган Ғулом Казаковни маҳалла аҳли ҳақиқий деҳқон, дея эътироф этишади. Сабаби оддий — бу хонадон эгалари томорқадаги мавжуд 1,5 сотих майдоннинг ҳар қаричидан самарали фойдаланиб, салмоқли ҳосил олмоқда. Айни пайтда томорқанинг аксарият қисмида картошка парваришланмоқда.

— Ўтган йили томорқамизда етиштирилган картошкадан жуда яхши ҳосил олдик. Она еримиз меҳнатимизга яраша баракасини берди. Ерни  боқсанг, ер сени боқади, деб бежизга айтилмаган. Томорқага меҳр бериб, барака топаяпмиз, — дейди оила бекаси Зубайда Казакова.

Маҳалланинг «Бинокорлар” кўчасида умргузаронлик қилиб келаётган 87 ёшни қарши олган Раҳмат Жўраевни томорқасида учратдик. Асосий вақтини томорқада ўтказаётган Раҳмат бобо 1,5 сотихли мўъжазгина томорқасида саримсоқпиёз, сабзи, картошка ва зираворлар етиштирмоқда.

Нафақага қадар қурилиш соҳасида фаолият кўрсатган Раҳмат бобо асли деҳқон фарзанди. Шу боис, ер билан тиллашиб, унинг ҳар қаричидан самарали фойдаланмоқда.

— Она заминимиз саховатли. Унга меҳр билан муносабатда бўлишимиз керак. Фарзандларим ва набираларимни ҳам томорқа маданиятига ўргатмоқдаман. Ернинг уволи ёмон бўлади, — дейди Раҳмат бобо Жўраев.

Умуман олганда, «Бинокор” маҳалласи аҳли ҳақиқий бинокор эканлигини томорқага бўлган муносабати билан амалда исботламоқда.

Отабек АСЛОНОВ,  ЎЗЖИУ Навоий вилояти бўлими раиси.