Bosh sahifa Tahlil Томорқадан самарали фойдаланганлик учун солиқ имтиёзи қай тартибда берилади? 3 баробар қўшимча...

Томорқадан самарали фойдаланганлик учун солиқ имтиёзи қай тартибда берилади? 3 баробар қўшимча солиқ ҳисоблашчи?

0

Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер участкасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва томорқа ер участкасидан олинадиган даромадларни янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 18 мартида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ деҳқон хўжаликлари ва томорка ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.

Мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида,  туман ҳокимининг қарорига мувофиқ туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, профилактика инспектори, туман касаба уюшмалари, хотин қизлар қўмитаси, туман бандликка кўмаклашиш маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, давлат солиқ инспекцияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳлари ташкил этилиши белгиланди.

Мазкур ишчи гуруҳлари ҳар йили декабрь-январь ойларида хонадонма-хонадон юриб, томорқа ер участкалари майдонлари, тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб экин турлари, мевали дарахтлар тури ва сони, чорва моллари ва паррандалар сони, шунингдек, уларнинг йил давомида томорқа ер участкасида етиштириладиган маҳсулот турлари ва сотиш ҳажмлари ҳамда иссиқхона барпо этиш, чорва моллари ва парранда боқишга бўлган хоҳишни ўрганиб чиқади.

Ўрганиш натижалари бўйича ишчи гуруҳ махсус шаклда маълумотнома тўлдиради, ўрганиш натижалари эса умумлаштирилади ва фуқаролар йиғини кесимида тайёрланган маълумотлар туман ҳокимига 10 февралгача тақдим этилади.

Тақдим этилган маълумотлар туман ҳокими томонидан ўрганиб чиқилади ва 15 февралгача томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган экин ва маҳсулот турлари, уларни сотиш ҳажмлари, шунингдек, иссиқхоналар барпо этиш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда чорва моллари ва паррандалар сотиб олиш прогноз кўрсаткичларини (кейинги ўринларда прогноз кўрсаткичлар деб аталади) тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.Мазкур қарор халқ депутатлари туман кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади (20 февралгача тасдиқланади).

Прогноз кўрсаткичлар сектор раҳбарлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан деҳқон хўжаликлари бошлиқларига ва томорқа ер эгаларига уларнинг олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда етказилади.

Ишчи гуруҳ сектор раҳбарлари билан биргаликда прогноз кўрсаткичлар бажарилиши мониторингини амалга оширади. Қоида тариқасида, мониторинг ишлари экиш (март-апрель, август-сентябрь, ноябрь-декабрь ойлари) ва парваришлаш даври бўйича белгиланади.

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳар чорак якуни бўйича (кейинги ойнинг 15-санасигача) солиқ имтиёзи сифатида ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш бўйича туман ҳокимига таклиф киритади. Бундай таклифлар экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, туман ҳокимининг прогноз кўрсаткичлар тўғрисидаги қарорида белгиланган экин турларини тўлиқ эккан, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида 2-3 марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига нисбатан киритилади.

Туман ҳокими ва кенгаш раиси биргаликда солиқ имтиёзини қўллаш юзасидан туман давлат солиқ инспекциясига тақдимнома киритади.

Агар мониторинг натижаларига кўра прогноз кўрсаткичларда белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланса, ишчи гуруҳ томонидан огоҳлантириш хати жойида тайёрланади ва унинг бир нусхаси тегишли деҳқон хўжалиги бошлиғи ёки томорқа ер эгасига берилади.

Камчиликлар тегишли муддат ичида бартараф этилмаган бўлса, гуруҳ бу ҳақда кенгашга хабарнома киритади, хабарнома огоҳлантириш хатлари билан бирга туман ҳокимлигига тақдим этилади.

Туман ҳокими кенгаш раиси билан биргаликда ҳар чорак бўйича кейинги ойнинг 15-санасигача томорқа ер участкаларидан асоссиз равишда самарасиз фойдаланганлик ҳолати юзасидан томорқа ер эгасига жорий йил учун ҳисобланган ер солиғининг 3 баробари миқдорини қўллашни сўраб туман давлат солиқ инспекциясига тақдимнома киритади.

Деҳқон хўжалигига нисбатан ер участкасига бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.

Орзумурод УМАРОВ, Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи.