Bosh sahifa Yangiliklar Тоза сув энди муаммо эмас: Зарафшонда тадбиркор инновацион лойиҳага қўл урди

Тоза сув энди муаммо эмас: Зарафшонда тадбиркор инновацион лойиҳага қўл урди

0

Жамият равнақи, аҳоли турмуш фаровонлиги ошишида  инновациянинг ўрни беқиёс. Шу боис, нафақат жаҳонда, балки юртимизда ҳам истиқболли лойиҳалар ривожига катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, яқинда Зарафшон шаҳрида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдида “Жонли сув” (“Живая вода”) ёзувли ускуналар жойлаштирилди.  “Living Water” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган инновацион лойиҳанинг қулайлиги шундаки, қурилмалардан ҳар ким мустақил равишда фойдаланиши мумкин.

– Айни пайтда шаҳримизнинг 6 жойида шу каби сувтарқатгичлар ишлаб турибди, – дейди МЧЖ раҳбари Ф. Ҳамроев. – Яна 14 тасини ўрнатишни режалаштирганмиз. Ушбу жиҳозлар Россиядан келтирилди. Битта шундай ускунанинг қиймати 30 миллион сўмни ташкил этади.

Бу аппаратлар марказий компьютерга уланган бўлиб, барча жараёнлар мутахассислар томонидан назорат қилиб борилади. Ускуналар кўпқаватли бинолар ертўласига ўрнатилган резервуарлардан кун давомида 1 тоннагача сувни тозалаб, унинг таркибидаги тузлар ҳамда металл аралашмаларини ажратиб олиш имконига эга.