Bosh sahifa Jamiyat Тўйларни ихчамлаштириш дунёқарашимизни ўзгартиришдан бошланади

Тўйларни ихчамлаштириш дунёқарашимизни ўзгартиришдан бошланади

0
фото: fayzbog.uz

Қувончли даврларда “Топганларингиз яхши кунларингизга буюрсин, тўйлардан бошингиз чиқмасин!” дея тилаклар билдирилади. Ҳақиқатан ҳам ҳалол меҳнат билан топганларимиз фарзандларимизнинг бахту саодати учун сарфланса, тўйлар тўйларга уланса қандай яхши…

Одамлар замонни ўзгартиради. Ўз навбатида тараққиёт кишилар турмуш тарзига бевосита таъсирини кўрсатади. Иккинчи жаҳон уруши йиллари, ундан кейинги даврларда халқлар тўқчиликни шу қадар орзу қилишганки, ҳатто тушларида ҳам фаровонликка етолмаганлар. Йўқчилик ҳамманинг силласини қуритган. Ўша ниҳоятда оғир замонларда ҳам улар давлат никоҳидан ўтиш баробарида мулла топиб, никоҳ ўқитишган. “Уч сўм пул, бир калла қанд, битта мулла” деган гаплар қайси бадиий фильмда айтилганини яхши эсласангиз керак.

Бир пайтлар Муқимийнинг мактаб дарслигига киритилган «Тўй” ҳажвий шеърини ёдлаганимиз ҳамон ёдимда. У замонларнинг ўтгани чин бўлсин…

Ҳозир тўқчилик, аммо “Кўрпангга қараб оёқ узат”, “Элдан чиқма” қабилидаги халқимиз ҳикматлари замиридаги мазмун-моҳиятининг аҳамияти ортса ортаяптики, асло камайгани йўқ.

Яқинда  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ҳозир  кайси маҳаллага борманг, қайси тўй-маъракада қатнашманг шу хусусда фикр-мулоҳазалар, таклифлар айтилмоқда. ­Демак, кенг жамоатчилик бунга бефарқ эмас.

Республика матбуотида эълон қилинаётган мақолалар билан танишар эканмиз, тўй-маъракаларни ихчамлаштириш масаласининг қанчалик даражада ҳаётий эканлигини яна бир бор ҳис этамиз.

Жумладан, республика нашрларининг бирида Тошкент шаҳрида келинлар учун мўлжалланган кўйлаклар нархи ўртача 1000 АҚШ доллар, машиналар кортежи 300-400 доллар, баъзида маросимлар авж олган пайтларда 2000 доллардан зиёд, фото ва видео хизматлари 1000 доллар атрофида, тўйхонани безатиш 2000 долларгача, ресторан хизматлари киши бошига 100-150 минг сўмдан (400 нафар меҳмон учун 40-50 миллион сўм), икки ёш танишувини ифодаловчи қисқа фильм («LOVE STORY”) тайёрлаш 1000 доллар… Куёв сарполари, карнай-сурнай, бошловчи, қўшиқчи, тўйдан олдинги ҳамда кейинги кўпдан-кўп маросимларни қўшиб ҳисоблаганда, пойтахтда бир кунлик базм учун 100-150 миллион сўм атрофида чиқим қилиниши қайд этилган. Бу рақамлар, далиллар ҳар қандай юраги бақувват кишининг ҳушини бошидан учириб юборишга қодир.

Фарғона водийсида тўйдан сўнг қиз узатган хонадон куёвникига 40 кунгача турли егуликлар юбориш анъанага айланган. Қолаверса, Шу каби республикамизнинг бошқа жойларида учрайдиган дабдабабозликлар танқид остига олинмоқда. Айниса, тўйларда “Бирровчи” артистларнинг узоғи билан 10-15 дақиқада 400-500 долларни чўнтакка уриши жараёнлари ҳеч бир меъёрга сиғмайди.

Яна бир нашрдаги мақолада муаллиф сахийликнинг беш тоифасига таъриф беради. Бунда қадимий манбаларга мурожаат этади. Сўнг гап мароми бозор иқтисодиёти тамойилларига бурилади. Ундаги ҳар бир мисол, масалан, хонандаларнинг хизматига тўлов қанча бўлиши кераклиги, уларни ким белгилаши, келиннинг вальсга тушиши, тўйларда бошловчиларнинг ўрни, тўй-маросимларни тартибга солиш механизмлари хусусида батафсил сўз юритилган. Муаммолар бўйига, энига, хуллас, кенг кўламда кўрсатиб берилмоқда.

Яқинда Кармана туманидаги тўйлардан бирига боришга тўғри келди. 150-200 киши атрофидаги давра жуда ажойиб ўтди. Ортиқча исрофгарликларга ҳам йўл қўйилмади.

– Сенатнинг қарори маҳаллаларимизда ҳар томонлама ўрганиб чиқилди, – дейди туман маҳаллалар кенгашининг масъул ходими                           Г. Сатторова, – Чора-тадбирлар, таклифлар тайёрланди. Бу борада айниқса, “Деҳқон”, “Зиёкор”, Арабхона, “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинларида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тўйларнинг миллий қадрият сифатидаги даражасини асло камайтирмаган ҳолда уни ортиқча дабдабаларсиз ташкил этиш доимий диққат-эътиборимизда бўлаяпти. Айрим кишилар “Мен ўз пулимга тўй қилаяпман, бошқаларнинг бунга нима дахли бор, еб-ичиб кетавермайдиларми?” қабилида калтабинларча ўйлашади. Энди бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди. Чунки, ҳар бир босган қадамимиз, қилаётган амалларимиз эл-юрт назарида. Шунинг учун ҳам маҳаллаларда ташкил этилаётган давра суҳбатларида асосий эътиборни инсон омилига қаратмоқдамиз. Мақсадимиз тўй яхши ўтсин, оила иқтисо­дий ва маънавий жиҳатдан асло зарар кўрмасин. Исрофгарчиликка йўл қўйилмасин. Тўйга таклиф этиладиган кишилар миқдори ҳам қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаяпти. Ишончимиз комилки, буларнинг ҳаммаси ўз ўрнига тушади…
Ҳа, маслаҳатчи опанинг гапларида жон бор. Бу саъй-ҳаракатлар изсиз кетмайди, албатта.

Танишларимиздан бири 150 нафар кишилик тўйнинг барча сарф-харажатларини ипидан игнасигача эринмай ҳисоблаб чиқибди.
Тўйларга тўёна масаласи ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Ҳар ким ҳар хил: биров атаганини кўнгилдан чиқариб, тўй эгасига топширади-қўяди. Бошқа бир киши эса дафтарга ёздиради. Бу – алоҳида мавзу.
Ҳар бир оиланинг тўйгача ва тўйдан кейинги ҳаёти ўртасида фақат эзгулик, юксалиш, самимият, фаровонлик, шукроналик бўлса бунга нима етсин…

Ҳа, ҳамма гап кутилаётган натижада! Зеро, тўйларни ихчамлаштириш дунёқарашимизни ўзгартиришдан бошланади.

Одил ҲОТАМОВ, шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси