Bosh sahifa E'tirof Тўрт маротаба операцияни бошидан кечирган иродали қиз мақсадлари сари дадил қадам ташламоқда

Тўрт маротаба операцияни бошидан кечирган иродали қиз мақсадлари сари дадил қадам ташламоқда

0

Инсон учун қадрли нарса нима? Ҳаёт! Чунки ҳар биримизнинг орзу-истакларимиз, умидларимиз, қувончларимиз, шодликларимиз, жамики бахтимиз унда мужассам.

Навоий шаҳридаги “Янгиобод” маҳалласига қарашли шаҳар ҳокимияти ётоқхонасида ўзининг митти орзулари билан олам-олам мақсадлари сари интилаётган 10 ёшли Ирода Дилмуродованинг мақсади юртга керакли инсон бўлиб етишиш, унинг равнақи, ривожи учун ўзининг ҳиссасини қўшишдир.

Туғма маймоқлик касаллиги билан туғилган Ирода бугунги кунгача тўрт марта жарроҳлик операциясини бошидан кечирди. Уларнинг барчасини матонат билан енгиб ўтди. Навоий шаҳридаги 10-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Ирода айни пайтда уйда таълим олади. Унинг илм олишга бўлган қизиқиши устозларининг эътиборини тортди. Қўшиқ айтишни хуш кўрадиган қаҳрамонимиз, шеърлар, эртаклар ҳам ёзиб туради. Кўзларидаги ўзига бўлган ишонч, унинг ниҳоятда иродали эканлигидан далолатдир.

– У туғма шу касаллик билан туғилганидан кейин, бормаган шифокоримиз қолмади. Барчаси бир хил жавоб қайтарди – операция қилиш керак. Ҳали миттигина чақалоқнинг нозик жисмига тиғ теккизиш қанчалик оғирлигини, унинг азобини – фақат оналар юрак-юрагидан ҳис қилади. Бу орада оиламда ҳам нотинчлик бошланди. Турмуш ўртоғим уни даволатишдан бош тортди. Ва менга: “Ё турмушингни танла, ёки қизингни”, – дедилар. Мен эса аллақачон қизимни, унинг тақдирини танлаб бўлган эдим. Кейин у билан ажрашдик. Шунда бир нарсани англаб етдимки, ҳаётда ҳамма ҳам фарзандни дунёга келтириши мумкин экану, лекин ота ёки она деган юксак унвонга сазовор бўла олмас экан. Унинг масъулиятини ҳис қилган кишигина чинакам ота ёхуд она бўларкан. Қизим биринчи марта 1 ёшу бир ойлигида жарроҳлик операциясини ўтказди. Кейин яна 3 марта кетма-кет операция қилдирдик. Худога шукр, ҳозир унинг аҳволи анча яхши. Бир нарсадан қувонаман. Ўзи ҳали ёш бўлса ҳам қўлида ҳунари бор. Иплардан турли хил кийимлар тўқий олади. Истеъдоди ҳам бор. Ундан умидим катта. Бир кун келиб ўзи мустақил ҳаётга қадам қўя олишига ишонаман, – дейди онаси Шарофат Суярова.

Қизиқ, инсон ҳаёти давомида қандай синовларга дуч келишини олдиндан билмас экан. Уни не-не машаққатлар кутиб турганини, бу тўсиқлардан ўта оладими ёки йўқ барчаси Яратганга аён, холос. Лекин шуниси аниқки, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, албатта, ўн беши ёруғдир.

Ирода ҳам 7 ёшига қадар юролмас, онаси уни ўз қучоғида опичлаб юрар эди. Худонинг иродаси билан у илк қадамларини ташлади.

– Олдин ҳеч юролмасдим. Уйда катта бир ҳасса бор эди. Бир куни холамнинг ўзим тенги қизи келиб қолди. Иккимиз ўйнаб ўтиргандик, у: “Кел, мен сенга юришни ўргатаман, юриб кетасан”, – деди. Мен эса: “Йўқ. Қўрқаман. Йиқилиб кетаман”, – дея жавоб қайтардим. У: “Қўрқма, бир-икки бор йиқилсанг, ўрганиб кетасан. Кейин ҳамма қатори юрасан. Кўчага сайрга чиқамиз. Мактабга борамиз”, – дея менга юришни ўргатди. Мана ҳозир дўстларим каби юраман. Гарчи ҳасса суяниб юрсамда, ўзимни ўзим эплай оламан. Сайрга чиқаман. Ўртоқларим билан ўйнайман. Байрамларга бораман. Катта бўлсам бунданда яхши бўлиб кетаман. Аъло ўқиб, журналист бўламан, – дейди Ирода Дилмуродова.

Албатта, умиди бор одамнинг ҳар битта орзуси рўёбга чиқади. Чунки у яшаш ҳиссини, ҳаёт завқини ҳис қила олади. Бахтли бўлишга ҳаракат қилади. Муҳиминолиб, кимгадир муҳтож бўлиб яшамайди. Ўзига ўзи суянч бўла олади ва кимларгадир таянч ҳам бўлади. Биз Ироданинг ана шундай катта юрак, катта қалб билан улғаётганидан қувондик. У албатта ўз мақсадларига эришади. Чунки унинг доимо ёнида меҳр бериб турган мунис онаси ҳамда қалбиқайноқ Ватани бор. Шундай экан, у нурли келажагини ўз қўллари билан яратишига биз ишонамиз.

Дилноза АБДУҲАМИДОВА.