Bosh sahifa Mualliflardan У қачон қайтади?

У қачон қайтади?

0

Тинчлик – улуғ  неъмат.  Мусаффо  осмон  ва  осойишта  замину  замон   эса  унинг  ҳамроҳидир.  Аммо  инсоннинг  хом  сут  эмган  банда  эканлиги,  ёмонликка  “қиттайгина”  мойиллиги  ҳам  борки,  баъзан  шу  камчиликлар  бебаҳо  неъматга  раҳна  солади.

Маъруф  ( исм – шарифи  ўзгартирилган )  ўзининг  кам-кўстларини,  оиладаги  етишмовчиликларни  ҳалол  ишлаб  топган  маблағлари  орқали  тўлдириб  турар  эди. Кунлик  қора  меҳнат  безиктирса-да,  аммо  бекорчилик  балоси  уни  қийнамас,  гоҳида  улфатчилик  қилиб  ичидаги  ғуборларини   чиқарарди. Кунларнинг  бирида  дўсти  Очил  ажойиб  таклифни  ўртага  ташлади.  Айтишича,  яқинда  бир  гуруҳ  ҳамқишлоқлар  ишлагани  чет  элга,  узоқ  муддатга  жўнар  эмиш. Бундай  ғойибона  таклиф  Маъруфга  ёқиб  тушди  чамаси,  “Қачон  кетамиз?” деб  юборганини  ўзи  ҳам  сезмай  қолди  ўшанда.  Ўйловларнинг  натижаси  уни  бир  қарорга  кўндирди.  Маъруф  кетишга  аҳд  қилди.

Бир  кун  олдин  қўни-қўшнилар,  ошна-оғайниларни  бир  жойга  тўплаб,  хайр-маъзур  қилган  йигитнинг  кўнглидан  яқинларининг   соғинчи   ҳалитдан  жўш  ургандек  бўларди.

—  Шу  ерда  ҳам  ишлаб  юрувдинг,  бегона  юртларда…

— Эй  сен,  нимани  тушунардинг.  Бир  йилда  анча-мунча  даромад  қилиб  келаман, кўрасан -,  дерди  Маъруф   дўстларидан  бирига  баландпарвоз  оҳангда.

Эрта  тонгдан  эса  у  сафарга  жўнаб  кетди.

Инсон  зоти  (  абадул-абад  хатолар  қилиб  яшайди )  қаерларгадир  шошилади,  ҳавасларга  интилиб,  орзулар  кетидан  қувади.  Аммо  ҳаётнинг  янаги  “ракурси”  ҳам  борки,  ниятга  етишиш  учун  тинимсиз  меҳнат  ва  сабот  йўлидан  бориб  эришиш  мумкин  бўлади.  Қаҳрамонимиз  Маъруф  бўлса  бошқа  йўлдан,  яъни  осонлик  билан  турмушнинг  яхши  дамларига  эришмоқчи  бўлди.   Ўз  она  юртини  ташлаб,  бегона  юртларга  бош  олиб  кетди.

Дунё  давлатларини  ҳамон  қийнаб  келаётган  муаммолардан  бири  —  диний  ақидапарастлик  ҳақида  гап  кетганда  кўз  олдимизда  турли  фирқа,  гуруҳлар,  жангари  тўдалар  ва  мудҳиш  худкушликлар  намоён  бўлади.  Ҳозирда  ўз  сафларини  интернет  тармоғи  орқали  тўлдириб  турган  экстремистик  кучлар  ва  уларнинг  жангари  тўдалари  Яқин  Шарқ  давлатларининг  иқтисодий, сиёсий  ва  ижтимоий  жиҳатдан  таназзулга  юз  бурушига  сабаб  бўлмоқда.  Мафкура  полигонларида   ўзларининг  ғаразли  ниятларини  амалга  ошириб  келаётган   бу  кучларнинг  тобора  авж  олиб  бориши  баъзи  Европа  давлатларида  уларнинг  ислом  динига  бўлган  муносабатларини,  қарашларини  бир  муддат  ўзгартирди  десак,  муболаға  бўлмайди.

Диннинг  ниқоб  қилиниши  миясида  маънавий  бўшлиқ  бор  бўлган  кишиларнинг  алданиб  қолишига  кўп  ҳолларда  сабаб  бўлаётир.  Аксарият  ҳолларда  муҳожирларнинг  экстремистик  тўдаларнинг  тўрига  тушиб  қолиши  ҳам  кузатилмоқдаки,  бунга  сабаб  қилиб  мўмай  даромад  топиш  илинжи,  диний  мажбурият  ҳамда  сафсаталарнинг  оддий  ёшлар  онгини  тезда  эгаллаб  олишини  кўрсатиш  мумкин  бўлади.

Мамлакатимизда  ёшларнинг  банлигини  таъминлаш,  етарлича  шароит  яратиш,  ҳаётда  ўз  ўрнини  топиб  кетишларига  катта  эътибор  қаратилмоқда.  Аммо  билиб-билмай  қинғир  йўлларга  кириб  кетаётган  ёшларнинг  ҳаёт  йўли  ҳавас  қилгулик  даражада  эмас.  Уларнинг  ҳар  қадами  энди  хавф  остида.

Халқимиз – кечиримли.   Шу  сабабдан  ҳам  хато  қилиб,  айбидан  чин  кўнгилдан  пушаймон  бўлган  ҳамюртларимиз  Ватанга  қайтишмоқда.  Бироқ  улардан  айримларининг  ўзга  юртларда  қурол  кўтариб,  ҳалигача  хатоларини   тушуниб   етмаганликлари  дилни  хира  қилибгина  қолмай, балки  нафратимизни  келтиради.

Маъруф  неча  йиллардан  бери  “хизмат”  сафарида.  Ундан  ҳанузгача  асло  хат-хабар  йўқ. Уйга  қайтган  тенгдошларининг  гап-сўзларига  кўра,  у  бегона  кимсаларга  қўшилиб,  ўша  юртнинг  бошқа  вилоятига  иш  юзасидан  жўнаган. Қарангки,  у  сафардан  ҳамон  қайтмади…   Балки…  балки…  Хаёлларнинг  чегараси  кўринмайди,  кўнгилда…  алағда  ҳислар  ғимирлайди.

Ахир,  Маъруф  қачон  ватанга  қайтади?!  Бу  савол  ҳамюртимизнинг  ота-онаси,  оила  аъзоларига  ҳамон  тинчлик  бермай  келмоқда.

У  келармикин?..

Б. ЖЎРАМУРАТОВ.