Bosh sahifa E'lonlar ЎҚИНГ ВА АМАЛ ҚИЛИНГ!

ЎҚИНГ ВА АМАЛ ҚИЛИНГ!

0

Истеъмолчи соғлиги ва хавфсизлиги учун берилган ҳар қандай тавсияга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди. Газ таъминоти соҳасида ҳам. 

Масалан, сиз вилоят ёки туман марказидан узоқ бўлган ҳудудда истиқомат қиласиз. Хонадонингизга табиий газ етиб бориши қийин. Шу боис, сизга маиший газ баллонлар билан суюлтирилган газ етказишади. Хўш, сиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2018 йил 10 августда қабул қилинган “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қароридан яхши хабардормисиз? Ўзингизни суюлтирилган газдан фойдаланиш бўйича етарли маълумотга эгаман, деб ўйлайсизми? 

Демак, қуйида келтирилган тавсиялар бу борада сизга ёрдам беради: 

Суюлтирилган углеводород газидан фақат маиший эҳтиёжлар, яъни овқат тайёрлаш учун фойдаланинг.

Газдан фойдаланувчи ускунани ёки маиший газ балонини ҳар доим соз ҳолатда сақланг.

Газ таъминот ташкилоти вакилларининг (тегишли гувоҳнома кўрсатилганда) газдан фойдаланувчи ускунани ва маиший газ баллонини кўздан кечириш, профилактик хизмат кўрсатиш ва текшириш учун эркин кириш имконини таъминланг.

Газ асбобларидан фойдаланишга болаларни, ўз ҳаракатларини назорат қила олмайдиган ва суюлтирилган углеводород газидан фойдаланиш бўйича йўл-йўриқ берилмаган шахсларни қўйманг.

Газдан фойдаланувчи ускуналар ва маиший газ баллонлари ўрнатилган хоналардан ухлаш ва дам олиш учун фойдаланманг.

Газ асбобларини тоза ҳолда сақланг, асбобларнинг ёндиргичларини овқат тайёрлаш жараёнида ифлосланишидан асранг.

Суюлтирилган углеводород газининг ҳиди хоналар, ертўла, йўлак ичи ҳовли ёки кўчада сезиб қолсангиз ҳамда газдан фойдаланувчи ускуна ва газ баллонининг нуқсонини аниқласангиз, дарҳол “104” телефон рақами бўйича авария хизматига хабар беринг.

Одамларни газланган муҳитдан эвакуация қилиш, электр ёритишни ёқиш ва ўчиришнинг одини олиш, очиқ аланга ва учқунлар пайдо бўлишининг олдини олиш чораларини кўринг.

Ёдда тутинг! 

Суюлтирилган углеводород газидан фойдаланишда ўзбошимчалик билан газлаштиришга, газдан фойдаланувчи ускунани мустақил равишда жойидан кўчириш, алмаштириш ва таъмирлашга, ундан белгиланган мақсадлардан ташқари ҳамда хоналарни иситиш учун фойдаланишга, газ сизиб чиқиши ҳолатини аниқлаш учун очиқ алангадан (яъни, “гугурт”чақиб) фойдаланишга йўл қўйилмайди. 

Йўл каби газдан тўғри фойдаланиш қоидаси ҳам умр фойдасидир. Буни унутмаслик истеъмолчи сифатидаги вазифамиз, яқинларимиз олдидаги бурчимиз ҳисобланади.

 “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати