Bosh sahifa Mualliflardan ҲУҚУҚБУЗАР ФУҚАРОЛАР 140,4 МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМАДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

ҲУҚУҚБУЗАР ФУҚАРОЛАР 140,4 МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМАДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

0

Солиқ соҳасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактика ишларини тизимли йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларига қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бошқарма мутасаддилари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 180 маротаба ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга оширишди.
Биргина, тадбиркорлик субъектлари ва кенг жамоатчилик иштирокида 88 маротаба семинарлар ташкил этилиб, 18 мингдан ортиқ солиқ тўловчилар қамраб олинди.
Аммо олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларига қарамай бугунги кунга қадар 925 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган. Шундай бўлсада, биринчи марта ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган фуқаролар қонунчиликда белгиланган 30 кунлик муддатда ҳуқуқбузарликларни бартараф этганлиги яъни давлат рўйхатидан ўтганлиги сабабли уларга қўлланиши лозим бўлган 140,4 миллион сўмлик маъмурий жаримадан озод этилди.
Бундан ташқари, солиқ тўловчиларни ҳеч қандай жавобгарликка тортмасдан камерал назоратдан ўтказилиши натижасида 5474 нафар юридик шахсларга нисбатан 100 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча солиқлар ҳисобланиб, қайта ҳисоботлар олинган ҳолда бюджетга ўз вақтида ундирилди. Энг муҳими, 6474 нафар тадбиркорлик субъектларининг маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳамда солиқ базасини яширганликлари учун 25 миллиард сўм молиявий жарималар қўлланилишининг олди олинди.
Бу борада айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга асосан, тадбиркорлик субъектлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар ушбу ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.
Лекин шунча енгилликларга қарамай, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳамон ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда. Жумладан, ҳудудий давлат солиқ инспекциялари томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилгандан сўнг ҳам хулоса қилмаган 4607 нафар хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишлилиги бўйича туман ва шаҳар Маъмурий судларига юборилган ҳолда 2121 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 173,6  миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясидадир. Бироқ, яширинча ва хуфёна фаолият кўрсатиб, қонунларимизда белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширишдан атайин қочишга уринган айрим “тадбиркор”ларга нисбатан муросасиз кураш олиб борилади.
Иномжон ТИЛАВОВ,
Навоий вилоят ДСБ бўлим бошлиғи.