Bosh sahifa Jamiyat Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашинг ва пул мукофотига эга бўлинг

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашинг ва пул мукофотига эга бўлинг

0
foto: gazeta.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 апрелдаги “Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбадлантириш тартиби тўғрисида  низомни тасдиқлаш хақида”ги 15-сон қарори тасдиқланди.

Бунга кўра “Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбадлантириш тартиби тўғрисида”  Низом қабул қилинди.

Мазкур Низом фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан диний ташкилотлар ҳамда фуқаролар жамиятининг бошқа институтларини ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун моддий ва бошқа тарзда рағбадлантириш тартибини белгилайди.

 Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш асослари нималардан иборат?

Қасддан содир этилиши режалаштирилаётган ёки содир этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг олдини олиши ёҳуд тўхтатиши;

  • тайёргарлик кўрилаётган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши натижасида жиноят содир этилишининг олди олиниши;
  • қасддан содир этилаётган жиноятни тўхтатиши ва уни тўлиқ фош этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши;
  • фош этилмаган жиноят бўйича уни фош этишга кўмаклашувчи далилларни аниқлаши ёки уни содир этган шахслар ёҳуд уларнинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши натижасида жиноятларнинг фош этилиши;
  • қонун хужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахснинг яширинган манзили ҳақида хабар бериши, уни ушлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши;
  • бедарак йўқолган шахслар ҳақида берган маълумоти асосида унинг аниқланиши;
  • аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиши ва уни бевосита амалга ошириши;
  • жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш борасида таклиф ва ташаббусларни амалга жорий этиши.

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш юзасидан зарур ҳужжатларни йиғиш ва расмийлаштириш мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, рағбадлантириш тўғрисидаги таклиф билан чиққан ҳуқуқбузарлик профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар томонидан бажарилади.

 Қанча тўланади?

Фуқароларни пул маблағлари билан рағбатлантириш идоралараро комиссиялар томонидан қуйидаги миқдордаги тўловларни тўлаш йўли билан  амалга оширилади.

  • туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари — энг кам ойлик иш ҳаққининг ўн бараваригача;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар идоралараро комиссиялари – энг кам ойлик иш ҳаққининг ўн беш бараваригача;
  • Республика идоралараро комиссиялари – энг кам ойлик иш ҳаққининг йигирма бараваригача миқдорида рағбадлантирилади.

Фуқаролар ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳар бир тасдиқланган хабар учун мазкур Низомнинг 14-бандида белгиланган рағбатлантириш миқдорининг;

  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар учун – 50 фоизигача;
  • унча оғир бўлмаган жиноятлар учун — 75 фоизигача;
  • оғир жиноятлар учун – 100 фоизигача;
  • ўта оғир жиноятлар учун – 150 фоизигача;

қонун хужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам берганлиги учун фуқароларга бериладиган рағбадлантиришнинг миқдори ушбу шахслар содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб юқоридагиларга мос равишда, 50 фоиздан 150 фоизгача пул маблағлари билан рағбадлантирилади.

Қуйидагилар учун фуқаролар ташаккурнома ва бошқа эсдалик совғалари билан тақдирланади:

  • бедарак йўқолган шахсларни аниқлашда ёрдам кўрсатилиши;
  • аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиш ва уни бевосита амалга оширилиши;
  • жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш борасида таклиф ва ташаббусларнинг амалга жорий этилиши.

Жамоат ташкилотлари мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган барча холатлар бўйича ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш тартиби

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун тақдирлаш, фуқаролар, шу жумладан жамоат ташкилотлари вакилларининг шахсий хавфсизлилигини таъминлашни ҳамда уларнинг хохиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда, кенг жамоатчилик иштирокида, республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан, тантанали равишда амалга оширилади.

Тақдирлаш билан боғлиқ тантанали маросимлар оммавий ахборот воситаларида ёритилиши мумкин.

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини вакиллари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотларига ҳам тавсия этилиши мумкин.

Нурбек САФАРОВ, Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.