Bosh sahifa Yangiliklar ЎҚУВ МАРКАЗИ ОЧИБ, ТАДБИРКОРЛИК БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШГА ҚИЗИҚИШ ОРТМОҚДА

ЎҚУВ МАРКАЗИ ОЧИБ, ТАДБИРКОРЛИК БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШГА ҚИЗИҚИШ ОРТМОҚДА

0

Замон ўзгарди, ҳар бир касб ходими лаёқати доирасида ишбилармонлик қилишни ихтиёр этаяпти. Чунки, бу давр талаби. Дейлик ўқитувчи, педагогик фаолияти жараёнида турли тўгараклар орқали бемалол маълум бир фанлар бўйича тингловчиларига машғулотлар ўтказиши мумкин ва бундай ўқув марказлар фаолиятини шаҳар ва туманларда кўп учратаяпмиз ҳам. Халқ тилида айтадиган бўлсак, бугун ўқитувчининг тирикчилик манбаи фақатгина унинг ойлик маоши билан чекланмайди. Қайси бир педагогда билим, салоҳият ва яна бирозгина ишбилармонлик ўқуви бўлса бас. Иккиланмасдан нодавлат ташкилотини очиб, тадбиркорлик қилиши мақсадга мувофиқ. Бу борада нодавлат ўқув марказлари очиб, нонини ҳалоллаб топаётганларга «балли» дейиш жоиз.

Гапнинг индаллосига келсак, сиз ўқитувчисиз, аммо топаётган даромадингиз оилангиз  эҳтиёжига етмайди. Бой бўлишга ҳамманинг ҳаққи бор . Хўш, унда ишни нимадан бошлаш лозим. Албатта, тадбиркорлик фаолиятинингизни қонуний бўлишини истаб, уни давлат рўйхатидан ўтказиш шарт. Назарингизда, худди аввалгидек бир дунё ҳужжат ва маълумотлар тўплаб идорама-идора изғиш керак, деган хаёлга бораётган бўлсангиз адашасиз. Бор йўғи,  фуқаролик паспортингиз билан ҳудудингиздаги Давлат хизматлари марказига  мурожаат қиласиз, холос. 

 Дейлик, сиз марказга кирдингиз. Электрон навбат орқали марказ мутахассисига мурожаат қиласиз. Мурожаатингиз юзасидан 10 дақиқа,  узоғи билан 20 дақиқа сизга кифоялик қилади. Бу вақт ичида марказ ходими сизни юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиб, таъсис ҳужжатларингиз ва тадбиркорлик гувоҳномангизни қўлингизга тутқазади. Энди, энг муҳими: бу ишда нодавлат таълим ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтишда давлат божи талаб этилмайди. Бироқ, таъсис ҳужжатлари марказ ходимлари томонидан тайёрлаб берилгани учун пуллик хизмат тўлови мавжуд. Бу энг кам иш ҳаққининг  40 фоизи миқдорига тенг. Аниқроғи, айни кунда 89 минг 200 сўмни ташкил этади. 

    Асосий юмуш бу — нодавлат таълим муассасасига лицензия, яъни рухсатнома олиш. Аввал бу рухсатнома республика таълим назорати инспекцияси томонидан берилган. Айни кунда бу хизмат тури ҳам давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилмоқда. Фарқи — бу рухсатнома 30 иш куни мобайнида берилган ва муассасада фаолият олиб борувчи ҳар бир ўқитувчининг ҳужжатлари ва фан дастурлари ёзма шаклда инспекцияга тақдим этилган. Бу иш учун доимо пойтахтга бориб мурожаат қилиш шарт бўлган. Лицензиянинг амал қилиш муддати ҳам 5 йилга берилган. Айни кунда бундай оворагарчиликлар барҳам топиб, талаб этиладиган ҳужжатлар ҳажми ҳам қисқартирилган. 

 Кейинги босқич марказ ходимларига муассаса жойлашган манзилга ёнғин хавфсизлиги ва санитария эпидемиология назорати ташкилоти хулосаси, фан дастурларининг ҳамда ўқитувчиларнинг олий таълим муасасасини тамомлагани ҳақидаги дипломи электрон иловаси тақдим этилади. Аризани кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳаққининг 2 баробари (246 минг сўм )миқдорида йиғим ўндирилади. 15 кун мобайнида вилоят таълим назорат инспекцияси давлат хизматлари маркази орқали юборилган мурожатингизни қабул қилиб, белгиланган маъмурий регламентга мувофиқ лицензия беришга лойик нолойиқлигини аниқлаб жавоб қайтаради. 

Сизнинг ҳужжатларингиз хато камчиликларсиз тақдим этилган бўлса, сиз лицензия учун тўловни, яъни энг кам ойлик иш ҳаққининг 10 баробари миқдорида (2 миллион 230 минг сўм) давлат божини тўлайсиз. Энг қувонарлиси, нодавлат таълим ташкилотингиз фаолияти учун сиз муддатсиз лицензияга эга бўласиз. Халқ таъбири билан айтадиган бўлсак, сиз ўзингизга мерос ташкилот очган бўласиз. Энди янада бир қулайлик ҳақида маълумот берсак. Сиз бу юмушларни барчасини давлат хизматлари марказига келмай туриб ҳам ўз хонадонингиздан интернет орқали ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширишингиз мумкин. 

Ўзи аслида жамиятда энг бой одам ўқитувчилар бўлиши керак. Чунки, бу қатлам вакилларининг билими бор, ўз иқтидори ортидан минглаб ўқувчиларга зиё тарқатадилар. Яна шуни таъкидламокчимизки, бугун одамлар ҳам фарзанд тарбияси, таълим олиши учун сарфланган сармояни энг хайрли харажат эканлигини яхши билишади. Шу боисдан иккиланмай ўқув марказлари очиб, тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳам энг хайрли амал эканлигини унутмайлик.

Анвар Сафаров, Навоий шаҳар ДХМ директори