Bosh sahifa Yangiliklar Учқудуқда 2 та овул фуқаролар йиғинининг янги бинолари фойдаланишга топширилди

Учқудуқда 2 та овул фуқаролар йиғинининг янги бинолари фойдаланишга топширилди

0

Учқудуқда “Шалхар” ва “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими С.Хамроев, ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасаддилари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, кенг жамоатчилик билан бирга овул фаоллари ҳам иштирок этишди.

Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш, уларнинг бугунги яшаётган кунидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан яшашини таъминлашда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Маҳаллалар жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда дунёда ўхшаши бўлмаган мазкур тузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонлари муҳим дастуриламал вазифасини ўтаётир.

Мазкур фармонга мувофиқ, фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), уларни зарур мебель, компьютер, алоқа воситалари ва интернет тармоғи билан таъминлаш вазифаси белгиланган. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш юзасидан Навоий вилояти, хусусан Учқудуқ туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Туманимизда 13 та фуқаролар йиғини фаолият юритади, – деди тадбирда сўз олган туман ҳокими С.Хамроев. – Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги ва жорий йил 2 апрелдаги тегишли фармони талабидан келиб чиқиб, айни пайтга қадар уларнинг 8 таси таъмирланди. 2 та фуқаролар йиғинининг биноси реконструкция қилинди фақат “Кўкаяз” ОФЙ биноси қолаяпти. Бугун эса “Шалхар” ва “Йўлчилар” ОФЙ биноси мутлақо янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Шунингдек, аксарият маҳаллаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Замонавий усулда қурилган ва жиҳозланган ҳар иккала овул фуқаролар йиғинининг янги биносида фуқаролар йиғини раиси, ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосари, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосари ва бошқа ходимлар ҳамда профилактика инспектори учун барча шароит яратилган. Кенг ва ёруғ мажлислар зали ва бошқа хоналар ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.
Фойдаланишга берилаётган янги бинода нафақат фуқаролар йиғини ходимлари, балки бу ерга келадиган ҳар битта фуқаро учун барча қулайликлар мавжуд.
Тантанали ўтган маросимлар сўнггида тадбир иштирокчилари ва овул аҳолиси учун тўкин дастурхон ёзилиб, ош берилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги Ахборот хизмати