Bosh sahifa Jamiyat Учқудуқда боласини 10 миллион сўмга сотмоқчи бўлган аёл устидан суд ҳукми ўқилди

Учқудуқда боласини 10 миллион сўмга сотмоқчи бўлган аёл устидан суд ҳукми ўқилди

0

 

“Учқудуқ” газетасининг хабарига кўра,  асли оқтошлик Фазилат (исм-шариф ўзгартирилган) исмли аёл турмуш ўртоғи бошқасига уйланиб кетгандан сўнг, икки нафар боласини етаклаб Учқудуққа келади.

Аввалига опасининг уйида яшаб, бозорда савдо-сотиқ қилиб юради. Снг қўли унча-мунча пул кўргач алоҳида ижарага уй олиб яшай бошлайди. Бу орада кичкина ўғлини бегона бир аёлга васийликка бериб юборади. Анча енгил тин олган аёл бир мунча вақт ўтиб шаҳарда киракашлик қилиб юрган аслида оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган нотаниш кимса билан танишиб олади. Кафе-барларда санғиб юришлар охир-оқибат шаръий никоҳ билан якун топди. Хатти-ҳаракатини чуқур ўйлаб ҳам кўрмаган Фазилат кўп ўтмай ўзининг ҳомиладор бўлиб қолганлигини сезади.

4 апрель куни кўзи ёриган она фарзандини бағрига босаркан унга меҳр кўрсатиш ўрнига гўдакни сотиш илинжига тушади. Танишларига ушбу қарорини маълум қилиб, улар орқали харидор топтиради.

…21 апрель. Яқин одамлари “харидор” деб таништирган аёл билан 10 000 000 сўмга “баҳоланган” бола учун ҳозирча 2 500 000 сўм олишни, қолган маблағ ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилганидан сўнг берилишига келишилади. Шу тариқа гўдак одам савдоси қурбонига айланди. Орадан бир мунча вақт  ўтар-ўтмас туман ички ишлар ходимларининг тезкор ҳаракатлари сабаб, жиноятга чек қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судида Фазилат ва унинг шериги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасининг 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда Фазилатнинг “маъшуқ”и 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, “она” номига доғ туширган аёлга 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.