Bosh sahifa E'tirof Учқудуқда ипак ва пахта толалардан декоратив гипслар ишлаб чиқарилмоқда

Учқудуқда ипак ва пахта толалардан декоратив гипслар ишлаб чиқарилмоқда

0

Президентимизнинг жорий йил 2 март куни вилоятимизга ташрифи чоғида Учқудуқ тумани “Green group Uchquduq” масъулияти чекланган жамияти томонидан ипак ва пахта толалар каби экологик тоза маҳсулотлардан декоратив гипслар ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилган эди. Апрель ойидан иш бошлаган корхона ўз маҳсулотларини ички бозорга чиқара бошлади.

– Қисқа вақтда маҳсулотларимизга Хоразм, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ҳам талаб ортмоқда – дейди МЧЖ раҳбари Ж. Рўзиқулов. Айни кунда Қозоғистон Республикасидан ҳам қизиқиш билдиришяпти. Хом ашёни Қизилтепадаги “Тошработ текстил” ва Самарқанд вилоятининг “8 Март” текстил фабрикаларидан оляпмиз. Махсус технология ёрдамида бир кеча кундузда 300 килограмгача чиқинди пигмент ҳолатига келтирилиб, ундан тайёр маҳсулот тайёрланмоқда. Девор безакларимиз ўн йилгача ўз сифатини йўқотмайди. Улар асосан, болалар хоналари, ётоқхоналар ва биологик хавфсизликка талаб юқори бўлган жойларни безашда ишлатилмоқда.

246107894_154345

Тадбиркорликнинг янги йўналишида иш бошламоқчи бўлган ишбилармон олдида биринчи масала аввало, четдан технология киритиш, бунинг учун маблағ топишдир. Москва, Нукус шаҳарларига бориб енгил саноат чиқиндиларини қайта ишлаш корхоналари фаолияти билан танишган Ж. Рўзиқулов ҳам декоратив гипслар ишлаб чиқариш технологияларининг ясалиши ҳамда вазифалари билан чуқур танишди. Сўнгра 25 миллион сўм банк кредити ва ўз маблағи ҳисобидан ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бугунги кунда буюртма асосида бир ойда 6 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 4 та доимий, 10 та мавсумий иш ўрни яратилган. Ҳозирда корхонада фаолият турини кенгайтириб, қаттиқ саноат маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Излаган имкон топар, дейилганидек тадбиркорлик билан шуғулланишга астойдил киришган одам, албатта, кўзлаган мақсадига етади. Муҳими, иштиёқ, хоҳиш ва изланиш бор жойда натижа кўнгилдагидек бўлиши амалда ўз исботини топиб келмоқда.