Bosh sahifa Yangiliklar Учқудуқда «Ўзбекистон — умумий уйимиз» номли дўстлик фестивали бўлиб ўтди

Учқудуқда «Ўзбекистон — умумий уйимиз» номли дўстлик фестивали бўлиб ўтди

0

Ўзбекистонда ҳар бир халқнинг маданияти, тили, миллий қадриятларини сақлаб қолиб келажак авлодларга етказиш учун барча шароитлар яратилган.

Маълумки Ўзбекистонда турли миллат вакиллари ўзбек халқининг ташвишу қувончларига шерик бўлиб, урф-одатлари чамбарчас боғланган ҳолда, яшаб келмоқда.

«Ўзбекистон — умумий уйимиз»  дўстлик фестивали ана шундай анъаналарни сақлаб қолиш ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган.

Учқудуқ туманида  30 га яқин миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Ҳар бир миллат вакили мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан четда қолаётгани йўқ. Уларнинг ҳар бирида эртанги кунга бўлган юксак ишонч ва интилиш туйғулари мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги муносабати билан  ўтказилган дўстлик фестивалида ана шу фикрлар атрофида  сўз юритилди.

-Ўзбекистон – бизнинг Ватанимиз, — дейди туманимиздаги 9-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Қайрат Ахметов. – Мен шу юртда туғилдим, улғайдим. Туманимизда қозоқ миллий маданият маркази фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда ўтказиладиган тадбирларда доимий равишда қатнашиб келаман. Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсонни бирдек қадрлайдиган Президентимизга раҳмат. Мен Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан фахрланаман.

Фестиваль доирасида “Учқудуқ” маданият уйи фойесида тасвирий ва амалий санъат намуналари, миллий таомлар ва либослар, ҳунармандларнинг ижодий ишлари асосида кўргазма намойиш қилинди.

Айниқса, бадиий жамоалар қатнашчиларининг махсус концерт дастури кўтаринки кайфият ва катта олқишлар билан кутиб олинди.  Дўстлик фестивали ишини туман ҳокими ўринбосари Шамуратов Марат Халмуратович табрик сўзи билан очиб берди.

Шундан сўнг, саҳнага туманимизда истиқомат қилаётган қорақалпоқ вакиллари таклиф этилди. Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулбаҳор Алланова томонидан  буюк қорақалпоқ шоири Иброҳим Юсуповнинг “Насиҳат”  номли шеъри билан бошланган  қорақалпоқ вакилларининг чиқишлари “Сув кўтарган қиз” саҳна кўриниши  миллий куй –қўшиқ ва рақсларда маъжозий давомини топди. Улар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва лисбосларда қорақалпоқ халқининг урф-одат ва анъаналари бўй кўрсатди.

Рус маданий маркази вакиллари томонидан ижро этилган “Калинка” рақси томошабинларда катта таассуротлар қолдирди.

Шунингдек, қозоқ  миллий маданий марказ вакилларидан таркиб топган бадиий жамоанинг чиқишлари  “Келин келди” кўргазмали чиқиш билан бошланиб, ўндан ортиқ урф-одат ва анъаналар намойиш қилинди. “Суюнчи”, “Келин салом”, “Ақ бақан” шулар жумласидандир.

1544094782_img_0418

Бундан ташқари,  “Оила” маркази туман бўлими томонидан таълим муассасалари билан ҳамкорликда тайёрланган ўзбек халқининг миллий урф-одатлари, қадриятлари, куй-қўшиқ ва лапарлари барчага бирдек манзур бўлди.

«Ўзбекистон — умумий уйимиз»  дўстлик фестивалида фаол иштирок этган бадиий жамоаларга туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулбаҳор Алланова дипломларни тантанали равишда  топширди.

Ҳа, туманимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг якдил, аҳил бўлиб яшаётгани, ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатлари ҳамда эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратиб берилгани алоҳида эътирофга ҳамда ибратга лойиқ.

Райҳон ҚОДИРОВА, ЎзМТДП депутати.