Bosh sahifa Jamiyat УЧҚУДУҚЛИК НУРОНИЙЛАР ПРЕЗИДЕНТГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

УЧҚУДУҚЛИК НУРОНИЙЛАР ПРЕЗИДЕНТГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

0

Азиз Юртбоши!

Сиз ҳар бир қозоқ уйининг тўрида, қалбининг қўрида ардоқ топаётган улуғ инсонсиз! Бутун Учқудуқ халқи Сизни севади ва Сизга ишонади.. Бевосита Сизнинг ташаббусингиз билан бундан 3 йил олдин кенг қулоч ёйган “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида Учқудуқ туманининг “Қулқудуқ”, “Мингбулоқ”, “Шалхар”, “Йўлчилар” овулларида кенг кўламли  бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Овулларда шаҳар марказидан кам бўлмаган шарт-шароитлар яратилди. Биз кексаларга кўрсатаётган ана шундай меҳр-мурувватингиз учун Сиздан беҳад миннатдормиз!

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Бугун  коронавирус  хавфи бутун жаҳонни ларзага ва саросимага солмоқда. Дунё аҳолиси озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дучор бўлмоқда.

Афсуски,  жонажон Ўзбекистон ҳам бу глобал пандемиядан четда қолмади.  Мамлакатимиздаги шиддаткор тараққиёт, глобаллашувнинг янги босқичига қадам қўйган юртимиз учун ҳам бу офат таҳдиди кириб келди. Бугунги кунгача мазкур вирусдан зарарланган юртдошларимиз сони 1380 нафарга етди, уларнинг 129  нафари тўлиқ тузалди, ачинарлиси, йўқотишларнинг борлиги.

Муҳтарам Президент!

Сиз  бошчилигингизда  ҳукуматимиз бу хатарни тезроқ бартараф этиш учун барча зарурий чораларни кўрмоқда. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, телевидения орқали намойиш этилаётган  ахборот ва кўрсатувлардан билиб – кўриб, эшитиб турибмиз. Юртимизда инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилинмоқда.

Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда   бугунги пандемия шароитида коронавирус инфекциясига қарши курашда барча бир тан-у, бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқда.

Шу ўринда ҳурматли  Шавкат Миромонович, мамлакат аҳлига бир неча бор қилган мурожаатингизни алоҳида таъкидлашни истардик«Бу синовлардан кам талафот билан ўтиб олишимиз учун аввало Аллоҳдан мадад сўраймиз. Шунинг баробарида, биздан бугун темир интизом, масъулият, сабр ва юксак тафаккур талаб этилади»,  деган сўзларингизда  юртимизнинг ҳар бир фуқаросига бўлган оталарча меҳрингиз, уларнинг тақдирига чексиз хавотирни кўряпмиз! 

Бизнингча ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир қудратли давлат раҳбари пандемия тусини олган короновирус  инфекциясидан элу, юртини сақлаш, омон олиб ўтиш борасида Сизчалик куйинчаклик, жонфидолик кўрсатаётгани йўқ! 

Шундай пайтларда  ўз халқи учун қалби оташдаги чўғ каби ёнаётган Юртбошимиз борлигидан чексиз фахр ва ифтихор туямиз!

Учқудуқлик нуроний отахону онахонлар фарзандларимизни, набираларимизни, ёшларимизни карантин  қоидалари ва талабларига сўзсиз амал қилишга чорлаяпмиз.

Жонажон Ватанимизнинг энг чекка ҳудуди бўлмиш олис қизилқумда яшаётган биз  қозоқ миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қандай таҳлика ва саросимага тушмасдан, чорвачилик билан шуғулланмоқдамиз. Чорвачилик маҳсулотларини икки бараварга ошириш бўйича ўз олдимизга мақсад қўйиб, тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз.

Қадрли Шавкат Миромонович!

Яратганнинг инояти билан бу синовли кунлар, албатта, ортда қолади. 

Биз учқудуқлик нуронийлар ана шундай синовли кунларда Сизга мадад ва камарбаста бўлишни  ўзимизнинг бурчимиз, деб биламиз!

Биз Сизнинг ёнингизда туриб,  елкама-елка бўлиб, албатта, ҒОЛИБ бўламиз!

Бир гуруҳ учқудуқлик нуронийлар номидан:

Абдулла Керуенбаев, Мустафа Муратов, Қожабек ҳожи Сейтназаров, Жомарт Абдираманов, Жалғасбай Ережепов, Сағидулла ҳожи Қолдасбаев Назарбек Ережепов.