Bosh sahifa Yangiliklar Учқудуқ овулларидаги 130 та хонадонга эҳсон тарқатилди

Учқудуқ овулларидаги 130 та хонадонга эҳсон тарқатилди

0

Учқудуқ туман ҳокимлиги ташаббуси билан тумандаги барча овул фуқаролар йиғини ва жомеъ масжидларда қурбонликлар қилинмоқда.
Короновирус касаллиги бутун дунёда пандемия тусини олган бугунги синовли кунларда халқимиз билан ҳамжиҳатликда, бирликда эсон-омон енгиб ўтиш, тинч-хотиржам меҳнат қўйнида юрт маъмурчилиги, халқ фаровонлиги, Ватан ободлиги йўлида меҳнат қилишни Аллоҳдан сўраб, дуога қўл очилмоқда. Қуръон тиловат қилинмоқда.
Ана шундай хайр-саховат тадбири бугун Қулқудуқ овулида ўтказилди. Унда овул аҳолиси ва фермер хўжаликлари бошлиқлари ўз ихтиёрлари билан 15 та совлиқни эҳсон қилдилар.

IMG_20200401_122344_547Қулқудуқ овулига кираверишдан жой танланиб, садақа қилинаётган майда шохли молларни сўйиш, бўлаклаш ва овул аҳолисига тенг тақсимлаш учун зарур бўлган гигиеник шарт – шароитлар яратилди.
“Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби А.Турдиев томонидан Қуръон тиловат қилинди. Муборак Қуръон тиловатига қўл кўтарган овул аҳолиси ва фермер хўжаликлари ходимлари берилаётган садақа Аллоҳ даргоҳида қабул бўлишини тиладилар.
Шу билан бирга Юртбошимизга узоқ умр, юртимизга тинчлик-хотиржамлик, элимизга сиҳат-саломатлик, қизилқумга серёмғир кўклам ва мўл ҳосил тилаб қўллар дуога очилди.
130 та хонадонга эҳсон қилинган 15 та қўйнинг гўшти тенг тақсимланди.
Эҳсон тадбирида Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев иштирок этиб, овул нуронийлари билан суҳбатлашди. Ҳожи Қожабек ота Сейтназаров бугунги синовли кунларда Қулқудуқ аҳолиси карантин эҳтиёт чораларини тўғри тушуниб, барча чекловларга амал қилаётганини билдирди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг халқ саломатлиги учун қайғураётганидан далолат эканлигини таъкидлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Ҳар бир мусулмонга садақа лозим”, деганлар.
Аллоҳ хайр-эҳсон қилувчи бандаларининг молига барака берибгина қолмай, дунё ишларида ҳам яхшиликларни насиб этади, бошига тушган мушкулотлардан тезда фориғ бўлишига мададкор бўлади.
Яратганнинг инояти билан бу синовли кунлар, албатта, ортда қолади. Элу юртга елкадош бўлаётган қулқудуқлик фермеру ўқитувчиларга овул аҳолисига “Саховатли ишларингизнинг ажрини кўринг, кам бўлманг” деймиз!.

Учқудуқ туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.