Bosh sahifa Jamiyat УЧҚУДУҚ ТУМАНИ ҲОКИМИ ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

УЧҚУДУҚ ТУМАНИ ҲОКИМИ ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

0

Ҳозирги вақтда ҳаётимизда амалга оширилаётган модернизация ва янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказиш, одамларни янги марралар сари сафарбар этиш, юртимизда қабул қилинган устувор вазифаларни амалга оширишда журналистларнинг таъсирчан сўзи, фаол гражданлик позицияси сув билан ҳаводек зарур!.

Шу нуқтаи назардан бугун журналист ва мухбирларнинг ахборот олиш эркинлиги, улар учун ижро ҳокимиятининг очиқлиги, шаффофлиги энг муҳим масалалардан биридир.
Учқудуқ туманида ўтказилган матбуот анжуманида туман ҳокими С.Хамроев мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида туман аҳолиси фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, айниқса ўқувчи-ёшларга замон талабига мос билим бериш ва бошқа кўплаб масалаларга батафсил тўхталиб ўтди.
Ўзаро савол-жавоб тарзида очиқ-ошкора мулоқотлар давомида журналистлар, жамоатчи мухбирлар, корхона-ташклотлардаги матбуот котиблари ҳамда блогерлар томонидан берилган саволларга соҳа мутасаддилари жавоб бердилар.
Жумладан, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ў.Шодиев 2020 йил 1 январдан амалга киритилган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексидаги ўзгаришлар, бунда бевосита Учқудуқ тумани учун қўлланиладиган имтиёзлар тўғрисидаги саволга жавоб берди. Солиқ кодексида солиқларни унификациялаш, ўхшаш солиқ солиш базасига эга солиқларни бирлаштириш орқали улар сони мақбуллаштирилгани, солиқ ҳисоботлари камайтирилиб соддалаштирилгани ва шунга ўхшаш бошқа ўзгаришларга кенгроқ тўхталиб ўтди.
Шунингдек, яна бир савол туман мактабгача таълим бўлими мудири Н.Амоновага берилди. Мамлакатимиз мактабгача таълим тизимида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кутилаётган асосий мақсад мактабгача таълим сифатини яхшилашдир. Тизимдаги туб ўзгаришлар Учқудуқ тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Бугунги кунда туманда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамров даражаси ва уни 100 % га етказиш борасидаги амалий ишларга тўхталиб ўтди.
Шу билан бирга туманда боғчага қараб олинмаган 6 ёшли болалар сони ва уларни мактабга тайёрлаш жараёни қандай кечаётганлиги матбуот анжумани иштирокчиларини қизиқтирган масалалардан бири бўлди.
Яна бир савол кончилик касб-ҳунар коллежи директори Н.Нажмиддиновага тегишли бўлди. 2019 йил 6 сентябрда мамлакатимизда меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш, таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, илм-фанда эришилаётган янгиликларни амалиётга татбиқ этишнинг самарали тизимини яратиш орқали таълим соҳасида ислоҳотларнинг самарадорлигига эришиш мақсадини назарда тутувчи “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон талабларидан келиб чиқиб, кончилик касб-ҳунар коллежида амалга оширилаётган ишлар, кўзда тутилаётган вазифалар атрофида мулоҳазалар билдирилди.
Икки соатдан ортиқ вақт мобайнида ўтказилган мулоқотларда мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Ўз навбатида ёшларимиз яратиб берилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшлар бўлиб камолга етишлари муҳимлиги хусусида сўз юритилди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.