Bosh sahifa Jamiyat Учқудуқ тумани ҳокими ҳудуд аҳолисига мурожаат билан чиқди

Учқудуқ тумани ҳокими ҳудуд аҳолисига мурожаат билан чиқди

0

Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроев айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турган эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, учқудуқликларга мурожаат қилди:

Қадрли юртдошлар!
Азиз Учқудуқ фуқаролари!

Халқимизда “Саломатлик – туман бойлик!”, “Соғлик – умрнинг гарови” сингари кўплаб мақолларида аввало тани сиҳатликни, тинчликни асрасак, қолган нарсаларга албатта эришамиз, деган ҳикмат ётади.

Афсуски ҳозирги шароитда бутун дунёда бу жуда мураккаб вазифа бўлиб қолаётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз.
Муборак битикларда: “Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз…” деган сўзлар бор. Ҳа, ҳаёт бор экан, синов бор, қийинчилик бор, имтиҳон бор!

Бу ҳақиқатни шу кунларда янада чуқурроқ ҳис этмоқдамиз. Бугунги кунда бутун дунё, инсоният оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус инфекцияси 190 дан зиёд мамлакатга тарқалиб, пандемияга айланди. Касалланганлар сони 450 мингдан, вафот этганлар 21 мингдан ошди.
Афсуски, ушбу касаллик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунга келиб вирус билан касалланганлар сони 83 нафарни ташкил қилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз бошчилигида ҳукуматимиз бу хатарни тезроқ бартараф этиш учун барча зарурий чораларни кўрмоқда. Инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилинмоқда.
Хусусан, карантинга олинган фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида биринчи босқичда 10 минг ўринга мўлжалланган карантин зонасини барпо этиш ишлари якунланмоқда.
Ушбу вилоятда 2 та беш минг ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилмоқда. Унинг мингталик биринчи блоки яқин кунларда фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари, Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида ҳар бири минг кишилик модуль касалхоналар ва карантин пунктларини жиҳозлаш ишлари бошланди.
Навоий вилояти аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида махсус комиссия қарорига кўра, бугун 27 март куни соат 12.00 дан бошлаб, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, шунингдек, Учқудуқ, Томди, Конимех ва Хатирчи туманларига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида: автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт тўхтатилади.
Деҳқон бозори, озиқ-овқат дўконларидан ташқари барча савдо комплекслари, умумий овқатланиш корхоналари, кафе, бар ва тўйхоналар фаолияти тўхтатилган.
Фуқароларнинг кўпчилик яъни 2 кишидан ортиқ бўлиб тўпланиши, тиббий ҳимоя восита – ниқобларсиз юришларига йўл қўйилмайди. Шунингдек, эҳтиёж бўлмаса кўчага чиқмаслик тавсия қилинади.
Айниқса, кекса ёшли кишиларнинг уйдан ташқарига чиқиши мақсадга мувофиқ эмас!
Давлатимиз томонидан кўрилаётган барча чоралар одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилгандир. Зеро, коронавирус тарқалишини олдини олишнинг энг муҳим шарти карантин қоидаларига қатъий ва истисноларсиз риоя этишдир!.
Шунинг учун, чет элдан қайтиб келаётган ватандошларимиз, фаолиятида чекловлар ўрнатилган ташкилотлар ва муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва умуман мазкур чекловлар тегишли бўлган барча-барча субъектлар, жисмоний ва мансабдор шахслар давлат томонидан белгиланган карантин қоидалари ва талабларини сўзсиз бажаришларини қатъий сўраймиз.

Яна бир марта барча аҳоли қатламларини алоҳида огоҳлантирамиз ҳамда ўз ҳаракатларингиз билан нафақат ўзингиз балки оила аъзоларингиз ва халқимизга зиён етказишингиз мумкинлигини доимо эсда тутишларингизни сўраймиз!.

Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида жуда кескин жавобгарлик чоралари кўзда тутилган.

Жиноят кодексига асосан шундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахслар 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.

Вирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун фуқаролар жамоат жойларига иложи борича чиқмаслиги, ўз ҳаракатланишини кескин чеклашлари ва умуман олганда жамиятда бир-бирлари орасида масофа сақлашлари зарур.

Шу ўринда ўз ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да, аҳоли саломатлигини сақлаш, карантиндаги юртдошларимиз учун кунни – кун, тунни — тун демасдан қайғураётган ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИнинг фидокорона меҳнатлари олдида таъзим қиламиз, уларга яратгандан куч-қувват ва сабр-бардош тилаймиз.
Ҳурматли фуқаролар!
Қадрли учқудуқликлар!

Барча белгиланган қоида ва чекловларга тартибли равишда амал қилинсагина, тиббиёт ходимлари талаблари қатъий бажарилсагина, бутун дунёда тарқалаётган ушбу вирусга қарши биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги курашимиз самара беради.

Яратганнинг инояти билан бу синовли кунлар, албатта, ортда қолади. Биз бир ёқадан бош чиқариб, елкама-елка бўлиб, албатта, ҒОЛИБ бўламиз!
Ўзингиз ва яқинларингизни асранг!
Барчангизни шунга чақирамиз!