Bosh sahifa Yangiliklar “ҲУДУДГАЗ НАВОИЙ” МЧЖ РАСМАН ХАБАР ҚИЛАДИ

“ҲУДУДГАЗ НАВОИЙ” МЧЖ РАСМАН ХАБАР ҚИЛАДИ

0

2020 йилнинг 31 январь куни Навоий вилоятининг ахборот-таҳлилий портали бўлган “Navoiy Today” интернет нашрида “Ҳудудгаз Навоий” масъулияти чекланган жамияти ходимларига нисбатан ноҳақлик қиляптими?” сарлавҳаси остида материал ёритилган. 

Ушбу танқидий-таҳлилий материалда келтирилган маълумотлар юзасидан “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

 “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги – ягона таъсисчисининг қарорига асосан тасдиқланган ташкилий тузилмасига кўра, “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ фаолияти Жамиятнинг таркибида масъулияти чекланган жамияти шаклида ташкил этилган, мустақил балансига, ўз даромадалари ва харажатларига эга.

Бугунги кунда, газ таъминоти тизимини ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида, соҳага олий маълумотли, юқори маҳорат ва касбий кўникмага эга кадрларни жалб этишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Соҳанинг муваффақиятли фаолиятини малакали мутахассислар ҳал қилишини ҳисобга олган ҳолда, жамиятда уларни ижтимоий ҳимоялаш ва турмуш тарзини яхшилашга қаратилган чоралар кўрилмоқда. 

Махсус билим ва касбий кўникмалар талаб қилинмайдиган йўналишларда эса жамият молиявий имкониятидан келиб чққан ҳолда кам маблағ сарфлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, тозалаш ва қўриқлаш ишларини ташкил этиш учун аутсорсинг шаклида мазкур хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар шартнома асосида ёки жисмоний шахслар фуқарлик-ҳуқуқий шартномалар бўйича фаолият олиб бормоқдалар. 

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖда фуқаролик ҳуқуқий шартномаси асосида ишга ёлланган ходимларнинг шартномалар билан боғлиқ мурожаатлари асосида мутасадди раҳбарлар ва ишчи ходимлар ўртасида ташкил этилган навбатдан ташқари учрашувда шулар ҳақида тушунчалар берилган эди. Қолаверса, бу каби тушунмовчилик ҳолатларининг олдини олиш учун “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ ва унинг туман ҳамда шаҳаргаз филиалларида фуқаролик шартномаси асосида фаолият олиб бораётган ишчи ходимларга меҳнат дафтарчасининг юритилиш қоидалари, мутахассислик бўйича ўқиб малака ошириш, қўшимча ҳақ тўлаш тартиблари ҳақида қўшимча маълумот ва зарур тавсиялар бериб борилмоқда.

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖда ўтган матбуот анжуманида ҳам журналистларга бу борада маълумотлар берилган. Ушбу мақола муаллифи  ҳам ушбу тадбирда иштирок этган ва бу борада барча маълумотларга эга.  

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати