Bosh sahifa Jamiyat ҲУДУДЛАРДА АҲОЛИ ГАЗ ТАЪМИНОТИДАН МАМНУНМИ?

ҲУДУДЛАРДА АҲОЛИ ГАЗ ТАЪМИНОТИДАН МАМНУНМИ?

0

Тан олиш керак, илгари газ таъминоти, газчилар фаолияти ҳақида аҳолида турли эътирозлар кўп эди. Масалан, “Газчилар хонадонимизга фақат пул йиғиш учун келади”, “Бирор текшириш келади, деса газ ёнади, улар кетгач, яна ўчади”, “Газ баллонларни 60-70 кунда аранг келтиришади”…га ўхшаган иддаолар, афсуски, қулоққа тез-тез чалиниб турарди. Қисқа вақт ичида кўпгина тизимлар қатори газ таъминотида ҳам ислоҳотлар амалга оширилиб, натижада соҳада сезиларли ўзгаришлар бўлди. Ходимларга ва истеъмолчиларга бир қанча қулайликлар яратилди. Пировардида табиий ва суюлтирилган газ таъминотининг нисбатан яхшиланишига эришилди.  

Хўш, бу борада юртдошларимизнинг ўзлари қандай фикрда? “Газ таъминотидан мамнунмисиз?”, деган савол билан вилоятимизнинг аҳоли сони кўп бўлган Хатирчи туманидаги турли соҳа вакилларига мурожаат қилдик.   

Зокир Қаршиев, Ўзбекистон Халқ демокртик партияси Хатирчи тумани кенгаши раиси:

 — Мен ўзим “Қўрғонча” маҳалласида истиқомат қиламан. Маҳалламиз аҳолиси тўлиқ суюлтирилган газ билан таъминланади. Газ баллонлар вақтида келади. Шахсан бизнинг хонадонимизда суюқ газдан фақат маиший эҳтиёжлар учун фойдаланилади. Шу боис, бу борада муаммога дуч келганимиз йўқ. Қайтанга ҳар сафар баллонда газ ортиб қолади. Энг муҳими, газ ходимлари муомаласи яхши. Партия вакили сифатида ҳам айтишим мумкин, бизга жорий йилда тумандошларимиздан газ таъминоти бўйича бирорта мурожаат келиб тушмади. Газ таъминоти ходимларига газдан фойдаланиш қоидалари бўйича  янада кўпроқ тарғибот олиб боришларини тавсия қилган бўлардим. Истеъмолчи хавфсизлиги учун бу жуда муҳим.

Маҳфуза Саидаҳмедова, Хатирчи тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари, депутат:

 — Асосан, “Гулистон”, “Чинобод” маҳаллалари аҳолиси мурожаатлари билан ишлайман. Иккала ҳудудда жами 1377 та хонадон мавжуд ва улар табиий газ билан таъминланади. Ўтган йили бу ҳудудларда фақат электр энергияси билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. У ҳам бартараф этилди. Ҳозир табиий газ ва электр энергияси борасида аҳолида эътирозлар бўлаётгани йўқ. Тўғри, куз-қиш мавсумида табиий газ босимининг пасайиши кузатилади. Тумангаз ходимлари билан ҳамкорликда ишлаганим боис, бундай ҳолат совуқ кунларда газ истеъмолига бўлган талаб ортиши, шунингдек, айрим фуқароларимизнинг газ плитасидан уй иситиш учун фойдаланиб, ортиқча газ исроф бўлиши билан боғлиқ эканлигини яхши тушунаман. Аҳолимизнинг кўпчилиги тежамкор ва хавфсиз газ ускуналари (горелькалар) ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Бунга янада жиддий эътибор қаратилса, биз ҳам халқ ноиби сифатида бу борада ҳамкорликни кучайтирсак, ҳудудда ҳар қандай мавсумда ҳам газ таъминотида муаммо бўлмаслигига эришамиз, деб ўйлайман.  

Феруз Жўраев, Хатирчи тумани ҳокимлиги мутахассиси: 

“Ҳозир аҳолининг истеъмолчи сифатида ҳуқуқий маданияти сезиларли даражада шаклланган. Энди ҳеч ким чироғи ёнмаса, қоронғуда ўтириб, газ етиб келмаса, қўл қовуштириб ўтирмайди. Буни бугун мутасаддилар ҳам яхши билишади. Ҳуқуқий маданиятнинг, масъулиятнинг ортгани ҳар томонлама яхши. Мен “Парахун” маҳалласида истиқомат қиламан. Табиий газ истеъмолчисиман. Совуқ кунлари табиий газ босими бироз пасайишини айтмаганда, газ таъминотида муаммо бўлмайди. Ҳозир пандемия шароитида ҳеч бир соҳа вакилига ишни ташкил этиш осон бўлаётгани йўқ. Жумладан, газ таъминоти ходимларига ҳам. Шундай бўлсада улар махсус формаларда, карантин талабларига риоя қилиб, ўз вазифаларини бажаришяпти. Истеъмолчи сифатида мен уларнинг хизматидан, газ таъминотидан мамнунман.

Феруза Султонова, ўқитувчи:

— “Янги қурилиш” маҳалласида яшайман. Суюлтирилган газдан фойдаланамиз. Қиш кунлари газ баллон келишида бироз узилишлар бўлганди. Туман газ идораси ходимларига мурожаат қилдик. Улар ҳар бир истеъмолчига режа-график асосида, белгиланган ҳажмда суюқ газ етказилишини, ундан фақат маиший эҳтиёжлардан фойдаланишимиз кераклигини тушунтиришди. Газ баллон тарқатадиган транспорт воситаларида суюқ газ нархи, ҳажми, ўлчаб олиш учун тарози мавжудлиги ва ишонч телефонлари ёзилган. Газ таъминотида муаммо бўлса, ўзларига боғланиб, керакли тушунчаларни оламиз.

 “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали матбуот хизмати.