Bosh sahifa Jamiyat ЎЛИМ ҲАҚИДАГИ ГУВОҲНОМА 10 ЙИЛДАН СЎНГ БЕРИЛДИ

ЎЛИМ ҲАҚИДАГИ ГУВОҲНОМА 10 ЙИЛДАН СЎНГ БЕРИЛДИ

0

 Навбаҳор туманининг “Қизилрабод” маҳалласида истиқомат қиладиган Ойзода  Исломова вафот этганига 10 йил бўлган фарзанди учун ўлим ҳақидаги гувоҳнома олишда амалий ёрдам сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилди.

Фуқаронинг айтишича, унинг фарзанди Нурбек Қувондиқов маҳалла ҳудудидан ўтувчи “Човли” каналида оқиб кетган. Оила йиллар мобайнида боласининг ўлими тўғрисидаги фактни белгилатолмаган. Уларнинг 10 йил давомида ўлим ҳақидаги гувоҳнома ололмаслиги ҳам айнан шу билан боғлиқ.

Адлия бўлимига Навбаҳор тумани Қизилработ маҳалласи томонидан тақдим этилган Далолатномада маълум қилинишича, Қувондиқов Нурбек Бозор ўғли ҳақиқатдан ҳам Б.Қ.Исломов ва О.М.Исломоваларнинг фарзанди. Бола 20.04.2005 йилда туғилган бўлиб, 2010 йилнинг октябрь ойида “Човли” каналида оқиб кетиши оқибатида вафот этган. Дафн маросимлари белгиланган тартибда ўтказилиб, майит маҳалладаги “Туябузлов” қабристонида дафн этилган.

Аммо мазкур ўлим ҳолати Навбаҳор туман ФҲДЁ бўлимининг далолатнома ёзувларини қайд этиш журналларида мавжуд эмас.Бўлимнинг ўлим ҳақида далолатнома ёзувини тиклашни рад этиш хулосасида боланинг вафотини тасдиқловчи асослар етарлича эмаслиги кўрсатилган.Боиси, майит суд тиббий экспертиза бўлинмасида текширувдан ўтказилмаган.Табиийки, бу тўғридаги маълумот руйхатга олиш дафтарида йўқ. Ҳудуддаги 11-сон қишлоқ оилавий поликлиникаси  ҳужжатларида Н .Қувондиқовнинг ўлими қайд этилмаган.

Эътиборлиси,“Туябузлов” қабристони журналларида ҳам Н.Қувондиқовнинг шу ерга дафн этилгани тўғрисида маълумотлар йўқ.Суриштирувлар давомида қабристонинг дафн этилганлар ҳақида маълумотлар сақланадиган журнали 2013 йилдан юритила бошлангани маълум бўлди. Ҳудуд аҳли ва қабристон қоровули О.Исломованинг фарзанди вафот этгани ва майит “Туябузлов”га қўйилганини тасдиқлади.

Навбаҳор тумани адлия бўлими томонидан йиғилган маълумотлар ва Фуқаролик процессуал кодексининг 4, 26, 293-295-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.04.2018 йилдаги ПҚ–3666-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан фуқаро манфаати учун судга даъво аризаси киритилиб, мурожаат ижобий ҳал этиб берилди.

Нурали Исроилов,  Навбаҳор тумани адлия бўлим бошлиғи.