Bosh sahifa Mualliflardan Қуритилган олхўри энди Хитойга ҳам экспорт қилинади

Қуритилган олхўри энди Хитойга ҳам экспорт қилинади

0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти ўртасида Ўзбекистондан Хитойга қуритилган олхўрини экспорт қилиш бўйича фитосанитария талаблари ва назорати тўғрисида Баённома имзоланди.
Унга кўра, қуритилган олхўри маҳсулоти Жаҳон савдо ташкилотининг (WTO) Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш битими (SPS Agreement) тамойиллари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция (IPPC), Хитой Халқ Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисидаги қонуни, Хитой Халқ Республикасининг кириш ва чиқишда ҳайвонлар ҳамда ўсимликлар карантини қонунига мувофиқ экспорт қилиниши зарурлиги қайт этилган. Яъни, экспорт қилинадиган маҳсулот Хитой томони учун хавфли деб қайд этилган карантин объектларидан холи бўлиши лозим. Булар Тегирмон парвонаси, Силлиқ кана, Сариқ моғор, Қора моғор, Вертицилиёз чириш, Олманинг вергулсимон қалқондориси, Қўнғир монилиёз чириш, Капр қўнғизи сингари зараркунандалардир. Шунингдек, қуритилган олхўри тупроқдан холи ва бегона ўт, ўсимлик қолдиқлари, қум, шағал, металл кабилар билан аралаштирилмаган бўлиши лозим.
Шу мақсадда қуритилган олхўрида тирик ҳашаротлар, айниқса, омборхона зараркунандалари бўлмаслигини таъминлаш учун фумигация ва юқори ҳароратли дезинсекция каби назорат чоралари амалга оширилиши лозим. Бунда, фумигация қилинганлик тўғрисида сертификат илова қилиниши, шунингдек, фумигация усули иккала томондан ҳам тасдиқланган бўлиши керак.
Маълумот ўрнида қайд этиш ўринлики, қуритилган олхўри маҳсулотини Жанубий Корея, Япония, Эрон, Исроил, Миср, Покистон, Иордания, Марокко, Бангладеш, Ҳиндистон, Филиппин, Таиланд, эндиликда эса Хитой каби давлатларга ҳам экспорт қилиш мумкин.

М.ОСТОНОВ, Самарқанд УКЧМ мудири, Д.ЭГАМҚУЛОВ, мутахассис.