Bosh sahifa Mualliflardan Қўшимча қиймат солиғи қандай ҳолларда тўланади?

Қўшимча қиймат солиғи қандай ҳолларда тўланади?

0

Навоийда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, қўмита ҳузуридаги малака ошириш маркази ва вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида солиқ соҳасидаги ислоҳотлар, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун яратилган имтиёзлар ва қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаш тартиблари тўғрисида семинар ўтказилди.

Кармана туман ҳокимлиги мажлислар залида ташкил этилган тадбирда Навоий шаҳри ва карманалик 200 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.

Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси Б.Ботиралиев, қўмита ҳузуридаги малака ошириш маркази катта ўқитувчиси С.Боймуродов ва вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар, Солиқ Концепциясининг қабул қилиниши солиққа тортиш механизмини соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиқ турларини янада оптималлаштиришда муҳим асос бўлганини таъкидлади. Натижада, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш учун кенг имтиёзлар яратилиб, ишлаб чиқарувчилар ва хусусий бизнес вакилларининг даромадлари миқдори ортмоқда.

Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ҳисобчилар учун давлат бюджетига ундириладиган солиқ ва бошқа мажбурий ажратмаларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиблари, муддати хусусида батафсил маълумотлар берилди.

– Тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиқларининг янгидан жорий қилинган тартиблари ҳамда унинг ҳисоботларини тўлдириш борасида тушунчалар берилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Малака ошириш маркази катта ўқитувчиси Содиқ Боймуродов. – Бундан кўзланган мақсад солиқ тўловчиларнинг ҳисобот тўлдириш ва тақдим этишда қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда хатога йўл қўймаслик ҳамда муаммоларга дуч келмасликнинг олидини олишга қаратилган.

Тадбирда тадбиркорларнинг берган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Нуриддин РАҲИМОВ