Bosh sahifa Tahlil Қўшма рейд: Зарафшонда савдо ва хизмат кўрсатиш аҳволи қандай?

Қўшма рейд: Зарафшонда савдо ва хизмат кўрсатиш аҳволи қандай?

0

Зарафшон шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш аҳволини аниқлаш мақсадида “Олтин водий” газетаси таҳририяти томонидан Зарафшон шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ва шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вакиллари иштирокида ҳудуддаги “Наврўз” МЧЖга қарашли марказий деҳқон бозорида қўшма рейд ўтказилди.

Афсуски, бозордаги савдо расталари, умумий овқатланиш корхоналарида аҳолига хизмат кўрсатиш аҳволи ачинарли. Бу ердаги деярли барча сотувчиларнинг махсус кийими, яъни халати ва бейджиклари йўқ. Бундан ташқари бир нечта сотувчиларнинг ташқи кўриниши ҳам санитария талабларига жавоб бермайди. Энг ачинарлиси, расталарда сотилаётган маҳсулотларнинг яроқлилик муддатлари ўтиб кетган. Бироқ буни савдо вакиллари оддий ҳол, деб ўйлашаяпти шекилли, улар аҳолига бемалол сотилмоқда.

Худди шундай ҳолатни якка тартибдаги тадбиркор Бобур Тўраевга тегишли дўконда ҳам учради. “Мусаффо сут” ва “Моя мечта” маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтиб кетган. Қадоқланмаган маҳсулотлар, яъни печенье, вафли ва бошқа кондитер маҳсулотларининг усти ёпилмаган, антисанитария ҳолатида сотилмоқда. Шунга ўхшаш ҳолат ЯТТ Тоҳир Раҳматовнинг савдо дўконида ҳам аниқланди. “Мусаффо сут” ва “Nutlet” маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтган. ЯТТ Махфуза Норовага тегишли савдо дўконида ҳам аҳвол қувонарли эмас. Бу ерда сотувчи билан харидорнинг фарқига бормайсиз!

1529232678_img_9479

Негадир, савдо дўконлари эгаларининг ғалати одатлари бор. Улар тез айнийдиган маҳсулотларни ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам ташқарида сотишни анъанага айлантиришган. Масалан, саратон тафтида бир кунда сифати бузиладиган юзлаб тухумлар бир неча кун давомида сақлаш талабларига риоя қилинмаган ҳолда сотиб келинмоқда. Бу ҳақида газетамиз саҳифаларида ҳар йили мақола чоп этилади, аммо ҳозиргача ижобий натижа йўқ.

Савдо расталаридан кўнглимиз тўлмагач, умумий овқатланиш корхоналари аҳволини ўрганилди. Афсуски, ҳудуддаги ошхоналарда ҳам кўплаб камчиликлар бор. Хусусан, ЯТТ Қамбар Шодиевга тегишли “Чарос зар” хусусий ошхонасида санитария талабларига риоя қилинмаган. Энг ёмони, бу ерда чивинлар асосий хўрандаларга айланган. Бундан ташқари, ёнғин ўчириш мосламасининг фойдаланиш муддати ўтиб кетган. Демак, ёнғинга қарши курашиш хизмати ходимлари ҳам ўз вазифаларига лоқайдлик билан қарашмоқда.

1529232678_dsc_0775

Тадбиркор Бекзод Суннатовга тегишли “Келажак савдо” МЧЖнинг ошхонаси кириш қисмида халатсиз, бош кийимсиз хамирли маҳсулотлар қовураётган ошхона ходимини учратдик.  Унинг ушбу фаолият тури билан шуғулланиш учун на рухсатномаси ва на тиббий дафтарчаси бор.

ЯТТ Неъмат Ахтамов ошхонасида ҳам аҳолига хизмат кўрсатиш сифати анча паст. Ходимларнинг кўпчилиги халатсиз ва бейджиксиз. Идишларни ювиш хонаси ёнида анчагина ахлат йиғилиб қолган. Ошхонага кириш қисмида кўп миқдорда қовурилган товуқ маҳсулоти очиқ ҳолатда сақланиб келинмоқда. Бу санитария қоидалари талабларига зид эканлигини айтганимиздан сўнггина, ушбу маҳсулотлар усти ёпиб қўйилди.

Қўшма рейд давомида товуқ маҳсулотларини сотиш расталари фаолиятини текширилди. Бу ерда бир нечта тадбиркорга тегишли дўконларда тухумлар ташқарида сотилмоқда.

Бозор ҳудудида фаолият юритаётган ЯТТ “Бекмурод Қурбонов” новвойхонасида ҳам антисанитария ҳолатлари мавжуд. Новвой ва бошқа ишчиларнинг махсус кийими йўқ, ташқи кўриниши ҳам талабга жавоб бермайди. Муассасадаги нон расталари сотувчилари ҳам ҳеч қандай тиббий маълумотнома, махсус кийимга эга эмас.

1529232693_dsc_0746

Яна бир қизиқ маълумот, юқорида кўрсатилган аҳолига хизмат кўрсатиш савдо расталари ва умумий овқатланиш корхоналарининг бирортаси шаҳар хўжалик ҳисобидаги дезинфекция станцияси билан шартномалар тузилмаган. Савдо ходимларининг ҳеч бирида тиббий маълумот дафтарчаси мавжуд эмас.

Кўпчилик дўконларда хўжалик моллари ёнғин хавфсизлиги талабларига зид ҳолда дўкон ташқарисига чиқарилган. Бу ҳол одамларнинг юришига халақит бермоқда.

Ушбу текширишларда аниқланган камчиликларни бартараф этилганлиги юзасидан яқин кунларда такрорий рейд уюштирилади.