Bosh sahifa Tahlil Ўз уйини ипотека кредити асосида сотиб олган банк ҳисобчисининг кирдикорлари фош этилди

Ўз уйини ипотека кредити асосида сотиб олган банк ҳисобчисининг кирдикорлари фош этилди

0

Қизилтепалик А.Савриев (исм-фамилия ўзгартирилган) банк соҳасида 8 йиллик тажриба, етарли билим ва малакага эга ходим сифатида меҳнат жамоасида обрў-эътибор қозониб ишлаётган эди. 2015 йилда АТ “Қишлоқ қурилиш банк” Навоий минтақавий филиали бош ҳисобчиси ўринбосари лавозимига тайинлангач, хаёли бузилди – ўзи ишлаётган корхона маблағларини талон-тарож қилишга тушди.

У ёш оила сифатида 105 миллион сўмлик ипотека кредити олишни мўлжаллаган эди. Ушбу кредит ажтратилишининг асосий талаби ёш оиланинг шахсий уйи бўлмаслиги зарур эди. Савриевнинг Навоий шаҳрида яшайдиган квартираси хотини номида бўлгани учун узоқ қариндошларидан бирини кўндириб, уйни вақтинча нотариал тартибда унинг номига ўтказиб туришга келишишди. Шундай ҳам бўлди.

Сўнгра Савриев жаноблари ўз уйини қайта сотиб олиш учун ипотека кредити сўраб, банкка ариза билан мурожаат қилди. Банкнинг кредит комиссияси томонидан унинг барча ҳужжатлари кўриб чиқилгач, 15 йиллик муддатга паст фоизли жами 105 миллион сўмлик кредит ажратилади. Ушбу сумманинг 25 фоизи – кредит олувчи томонидан шакллантирилган 35 миллион – жами 140 миллион “ҳожатбардор қариндош” номига банкда очилган “талаб қилиб олгунча” омонат ҳисоб рақамига ўтказилади.

Ўйлаган ишининг силлиқ битишидан қувонган Савриев ош пишди, айланиб ҳам ўргилиб ҳам энди бемалол еявераман, деб хаёл қилади. Қариндоши номидаги омонат ҳисоб рақамида турган пулларнинг бир қисмини унинг номига очилган пластик карточкага ўтказиб, аввалдан ундан олган 30 миллион сўмни қайтаради. Сўнгра, кредит суммасининг бир қисмини синглиси номига очилган пластик карточкага ташлаб, Навоий шаҳрида қурилаётган янги уйларга бошланғич тўлов сифатида тўлаб юборади. Бундан ташқари, жиноятчи томонидан ипотека кредити унинг бошқа эҳтиёжлари учун ҳам майда-чуйда нарсаларга ишлатилади.

Икки йил давомида Савриев банкнинг “эркатойи” бўлиб юрди. 2017 йилнинг ёз ойларида банкда кредит шартномалари қайта кўриб чиқилиб, у билан тузилган ҳужжатларда бир қатор хатоликлар борлиги аниқланди.

Сохтакорлик бу даражада бўлиши ақлга сиғмайди – жиноятчи ҳисобчи банкни алдаш учун 80 вароқдан иборат ҳужжат йиғган эди!

Унинг устидан жиноий иш қўзғатилгач, тергов-суриштурув жараёнида барчаси ойдинлашди. Гувоҳларнинг кўрсатмалари, Савриевнинг айбини тан олгани ортиқча изоҳга ҳожат қолдирмади.

2017 йилнинг 14 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилди. Судда Савриевнинг етказган зарарни қоплагани, айбига иқрорлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима ҳамда 1 йил-у 6 ойга қадар мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.