Bosh sahifa Jamiyat Ўзбекистон миллий симфоник оркестри навоийликларни хушнуд этди

Ўзбекистон миллий симфоник оркестри навоийликларни хушнуд этди

0

Ўзбекистон миллий симфоник оркестри навоийликларни хушнуд этди

24 сентябрь куни Навоий шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг “OPEN AIR Silk road simphony” концерт дастури ташкил этилди.

Аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшларни миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг юксак намуналаридан баҳраманд қилиш, бу орқали уларни  тобора глобаллашиб бораётган “оммавий маданият” таъсиридан ҳимоялаш, юртимиз санъаткорларининг имкониятлари ҳамда ютуқларини кенгроқ жалб этиш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда вилоятимиздаги 7 минг нафардан ортиқ аҳоли қатнашди.

Концерт дастурида жаҳон классик бастакорлари Пуччини, Моцарт ҳамда Муслим Магомаевларнинг репертуарлари Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов ҳамда Зиёд Эшонхўжаев, Ўктам Ҳакимов ҳамда  “GRAND VOICE” гуруҳи санъаткорлари томонидан ижро этилди. Мусиқалар томошабинларга хуш кайфият, эстетик завқ бағишлади. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги катта опера ва балет давлат академик театри қўшиқчилари Малика Норматова, Дамир Раҳмонов ва Фаррух Исматовларнинг ижролари барчанинг эътиборини тортди.

– Мен дастурда “Маҳаллада дув-дув гап”, “Чоли қуши” фильмлари учун ишланган мусиқалар, “Хоразм лазгиси” ва “Андижон полька”сини мазза қилиб тингладим, – дейди Навоий шаҳридаги 11-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори ўринбосари М. Пўлатова. – Юртимизда санъатнинг бу турига алоҳида эътибор қаратилиши биз мухлислар учун ҳам аҳамиятлидир.

Дастур доирасида янграган ретро мусиқалар, машҳур ўзбек ва жаҳон бадиий фильмларидаги қўшиқлар нафақат шаҳримиз аҳолиси, меҳмонлари ва сайёҳларга ҳам шодлик улашди.

– Концертда инсон қалбини ларзага келтирадиган оҳанглар янгради, – дейди иштирокчилардан бири А.Муштаева. – Дирижёрлар ва  мусиқачиларнинг маҳорати барчани қойил қолдирди. Бундай дастурлар тез-тез ўтказилиб турилса муносиб маданий ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлардик.

Ижодий кеча якунида И.Жалилов ҳамда Д.Раҳмонов ижросидаги “Майсаранинг иши” операсидан ария куйланди. Давомли қарсаклар концерт иштирокчиларининг санъаткорларга эҳтиромини кўрсатди. Шундан сўнг ижрочиларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари топширилди.

Зебо ҚУТЛИЕВА.