Bosh sahifa Tahlil Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаоли: биз кимни алдаяпмиз?

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаоли: биз кимни алдаяпмиз?

0

Халқимизда “Қизим сенга айтаман, келиним, сен эшит!” қабилидаги гап бор. Мен бугун бу усулда, оҳангда эмас, сингилларим, дугоналарим, айниқса, опаларим билан юзма-юз суҳбатлашиб, фикр-мулоҳазаларимни ўртоқлашмоқчиман.

Бу кечаги ёки бугунги мавзу эмас. Унинг илдизлари кўп йилларга, масалан, собиқ тузум даврларига ҳам бориб тақалади. Бу гапни менга боболарим, бувиларим, ота-онам ҳам айтишган.

Ўзбек қизлари, ўзбек аёли ҳақида шоирлар ҳалигача шеърлар ёзишади. Уларнинг эгнидаги атласу адраслари, бошидаги ироқи дўппилар, қирқта қилиб ўрилган сочлари ҳануз тилларда достон. Хўш, ҳозир-чи? Қизларимиз қандай кийинишаяпти?

Бу долзарб мавзуда фикр юритар эканмиз, янги минг йилликнинг ўн саккизинчи йилига қадам қўйганлигимизни ҳам унутмаслигимиз шарт.

Келинг, қизларимизнинг кийиниши, хулқи, нутқи ўзгариб, бачканалашиб бораётганига нималар сабаб бўлди ёки бўлмоқда?

Телевизор, интернет, қўл телефонларими? Бу хусусда қанча гапирсак ҳам оз. Телевизор орқали намойиш этилаётган айрим хорижий сериалларни тенгдошларимиз тугул ота-оналаримиз ҳам ютоқиб кўришаяпти. Буни ҳамма билади. Қизларимизнинг очиқ-сочиқ кийинишига менимча, бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз ҳам сабабчи, деб ўйлайман. Чунки, “Фалончидан мен камми?” қабилида улар ҳам қизларини “рағбатлантириб” туришибди-да.

Яқинда қаердандир буюк боболаримиздан бирининг “Шамол шарқдан эсса сабодир, Ғарбдан эсса вабодир” деган мазмундаги гапини ўқиб қолдим.

Ғарбга, Европага тақлид қилиш истаги қизларимизни шу ҳолга солиб қўймаяптими?! Ўзларига ярашмайдиган либослар, аллақандай турмакланган ёки қирқилган сочлар, бир кунда икки-уч хил қиёфага кирадиган юзлар… Енгил табиатлилик…

Яна бир оғриқли нуқталаримиздан бири шуки, сўнгги маълумотларга қараганда, интернетдан фойдаланадиган тенгдошларимиз бадиий китоб ўқийдиганларга нисбатан анча ортиқ…

Интернетнинг афзал томонларини инкор этмаймиз. Аммо… Ҳаммаси ана шу “аммо”га келиб тақалади.

Фаол, жамоатчи қизлардан бири ҳақида телевизор орқали яхши кўрсатув намойиш этилди. Жавонда жаҳон адабиёти дурдоналари бўлган китобларни кўриб, кўзларингиз чақнаб кетади. Кейин билсак, у бу китобларни кутубхоналардан, айрим қўшниларидан олган экан. Эгаларига қайтарибди. Биз кимни алдаяпмиз?!

Ана шундай иллатларга чек қўйиш вақти етмадими?

Мухлиса РЎЗИЕВА, Кармана тумани.