Bosh sahifa Jamiyat ҲУЖЖАТДАГИ БИРГИНА ИМЛОВИЙ ХАТО ТУФАЙЛИ ЙЎҚОТИЛГАН 16 ЙИЛ “ҚАЙТАРИЛДИ”

ҲУЖЖАТДАГИ БИРГИНА ИМЛОВИЙ ХАТО ТУФАЙЛИ ЙЎҚОТИЛГАН 16 ЙИЛ “ҚАЙТАРИЛДИ”

0

Ҳужжатдаги биргина имло хато кишининг бир неча йиллик меҳнат фаолиятини йўққа чиқариши мумкин. Хатирчилик Гулнора Ражабова ҳам ана шундай вазиятга дуч келгани учун туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Унга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Хатирчи туман бўлими томонидан 16 йиллик иш стажи пенсия ҳисоблашда инобатга олинмаслиги маълум қилинган. Бунга иш ҳақи тўғрисида архивдан олинган маълумотлар сабаб эди. Аниқланишича, Г.Ражабова 1983 йилда Хатирчи туманидаги собиқ “Коммунизм” колхозига ишга кирган. Айни пайтда мазкур колхоз А.Темур номидаги ширкат хўжалиги деб юритилади. Мурожаатчининг 1983 йилдан 1998 йилгача ишлаган даври учун иш ҳақи тўғрисида берилган маълумотномада фамилияси “Ражабова” эмас, “Ражанова”деб нотўғри ёзиб кетилган. Фамилия мазкур йилларда юритилган иш ҳақи тўғрисидаги китобларда ҳам шу шаклда, нотўғри ифодланган.

 “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 80-банди талабига кўра, агар иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжатда кўрсатилган исми, отасининг исми ёки фамилияси паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича исми, отасининг исми ёки фамилияси билан мос бўлмаса ушбу ҳужжатнинг мазкур шахсга тегишлилиги ҳолати фақат меҳнат дафтарчасини ёки иш стажи тўғрисидаги бошқа ҳужжатни биринчи марта берган ташкилот томонидан тасдиқланиши мумкинлиги, бошқа барча ҳолларда ҳужжатларнинг тааллуқлилиги суд томонидан белгиланиши шарт эканлиги кўрсатилган.

Ўрганиш жараёнида аниқланган ҳолатлар юзасидан адлия бўлими томонидан фуқаро Г.Ражабова манфаатида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақида” киритилган ариза қаноатлантирилди.

Шерзод АБДУРАҲМОНОВ, Хатирчи туман адлия бўлими бошлиғи.