Bosh sahifa Jamiyat “Ўзмелиомашлизинг” ДУК фойдасига “Карманадавсувмахсуспудрат”дан 160 миллион сўм ундирилади

“Ўзмелиомашлизинг” ДУК фойдасига “Карманадавсувмахсуспудрат”дан 160 миллион сўм ундирилади

0

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Навоий вилоят иқтисодий судида 14 та иқтисодий иш тарафларнинг ўзаро келишув битими тузганликлари сабабли тугатилган.

Келишув битимининг аҳамиятли томони шундаки, суд жараёни низонинг ихтиёрий келишуви асосида тартибга солинади. Яъни, тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларида ўзаро аниқликка эришганлигини билдириб, процесснинг ҳар қандай босқичида ва инстанциясида тузилиши мумкин.

Мисол учун, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси манфаатида жавобгар “Карманадавсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонасидан 160 миллион 490 минг сўм ундиришни сўраган.

Суд муҳокамаси давомида тарафлар вакиллари келишув битими тузиб, уни суддан тасдиқлаб беришни сўрайди. Унда кўрсатилишича, жавобгар қарздорликни жорий йилнинг 30 декабрга қадар даъвогарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Мазкур иш бўйича суд харажатларини жавобгар ўз зиммасига олади.

Таъкидлаш жоизки, иқтисодий суд тақдим этилган келишув битимини кўриб чиқиб, уни қонун ва қонун ости нормаларига тўғрилигини, учинчи шахслар манфаатларига зид эмаслигини тан олиб, тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради. Бундай ажрим мавжуд бўлганда даъвогар қайта даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин эмас.

Келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим ўз хусусиятларига кўра, бошқа суд ҳужжатларига тенглаштирилади ва унинг тарафлар томонидан бажарилмаганлиги умумий асосларга кўра, Иқтисодий процессуал кодексининг 334-моддаси талабларига асосан мажбурий ижро этилишига олиб келади. Шу сабабли бундай ишлар юзасидан ижро варақаси келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажрим билан бир вақтнинг ўзида берилади ҳамда унда ижро муддати ҳам кўрсатилади.

М. ЖУМАЕВА, вилоят иқтисодий суди судья катта ёрдамчиси.