Аввал хабар берганимиздек, Учқудуқ туман ҳокимлиги ташаббуси билан тумандаги барча овул фуқаролар йиғини ва жомеъ масжидларда қурбонликлар қилинмоқда.
Ана шундай эҳсон тадбири бугун “Узунқудуқ” овулида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, Навоий вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Солиев, Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев ва бошқалар иштирок этди.
Короновирус касаллиги бутун дунёда пандемия тусини олган бугунги синовли кунларда халқимиз билан ҳамжиҳатликда, бирликда эсон-омон енгиб ўтиш, тинч-хотиржам меҳнат қўйнида юрт маъмурчилиги, халқ фаровонлиги, Ватан ободлиги йўлида меҳнат қилишни Аллоҳдан сўраб, дуога қўл очилди. Қуръон тиловат қилинди.
Эҳсон тадбирида 6 та майда шохли мол қурбонликка сўйилди ва кам таъминланган, тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор 35 та оилага тарқатилди.
Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Узунқудуқ қишлоқ врачлик пунктига дори-дармон, тиббий ниқоблар, гигиеник воситалар берди.
Шунингдек, вазир Учқудуқ туманидаги 99818 – сонли ҳарбий қисмда, ШКБ 3-Гидрометаллургия заводида бўлиб, бугунги оғир ва синовли кунларда ҳарбийлар аҳоли томонидан карантин чора-тадбирларига қанчалик риоя қилинаётганлиги билан қизиқди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.