Bosh sahifa Yangiliklar Венгриялик ишбилармонлар ҳамкорлигида Навоийда қўшма корхона ташкил этилади

Венгриялик ишбилармонлар ҳамкорлигида Навоийда қўшма корхона ташкил этилади

0

Навоий вилоят ҳокими ўринбосари Ў. Исламов хорижий инвестицияларни воҳамиз ҳудудига жалб қилиш, чет эл ишбилармонлари билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этиш, сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида Будапешт шаҳрида ўтказилган бизнес форумда иштирок этди. Форим ҳақида “Жаҳон” Ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Унинг доирасида юртимиз делегацияси вакиллари ҳамда “WizzAir” авиакомпанияси президенти Ж. Варади билан учрашув ташкил этилиб, унда хорижлик ишбилармонга “Навоий” халқаро аэропортининг имкониятлари, Навоий-Будапешт-Навоий авиақатновларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Венгрия миллий савдо уйида ҳам юртимиз ҳамда чет эл тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан музокаралар олиб борилди. Натижада вилоятимизда фаолият олиб бораётган “Sharq yog’-moy sanoat” МЧЖ ҳамда “Virgin Oil Press” Ltd корхоналари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. 1 миллион долларлик мазкур шартномага кўра замонавий шарт-шароитлар асосида воҳамизда  ёғ-мой ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилади.

Бундан ташқари, Венгрияда мева-чева савдоси борасида етакчи корхоналардан бири бўлган “Mirelite Mirsa” компанияси томонидан Хатирчи туманида 30 миллион долларлик лойиҳа амалга оширишга келишилди.

Делегация аъзолари шунингдек, Веспремский вилоятида бўлиб, “Fonix” иқтисодий зонаси ҳамда “Навоий” эркин иқтисодий зоналари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилишди.

Ташриф натижаларига кўра, жами 1,5 миллион евро қийматидаги ҳамкорлик шартномалари имзоланди.