Bosh sahifa Jamiyat Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи: маҳаллий ҳокимликларда ҳамон қоғозбозлик ҳолатлари мавжуд

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи: маҳаллий ҳокимликларда ҳамон қоғозбозлик ҳолатлари мавжуд

0

Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилоят бошқармаси биносида вилоят адлия бошқармасининг жорий ярим йиллик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари қатнашган йиғилишда бошқарма бошлиғи Шерзод Баҳронов амалга оширилган асосий ишлар юзасидан маълумотларни тақдим этди.  Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январда эълон қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириши тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан манзилли ва предметли – аниқ бир аудиторияга  қаратилган тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, шаҳар-туманларда янгидан ташкил этилган адлия бўлимлари фаолиятига ҳам эътибор қаратилди.

Жорий йилда вилоят адлия идораларига маҳаллий ҳокимликларнинг 23 та қарор лойиҳаси келиб тушган ва қонунчиликка мос келмайдиган айрим қарорлар рад этилган.

Айни пайтда вилоятдаги корхона ва ташкилотларда 200 нафарга яқин юристлар иш олиб бораяти. Уларнинг малакасини ошириш борасида ҳам таҳлил этилаётган ярим йилликда салмоқли ишлар бажарилган.

Бошқарма бошлиғи қонунчлик нормалари мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда журналистлардан кўмак сўради. Бунинг учун адлия идоралари матбуот вакилларининг ҳар бир саволларига жавоб беришга тайёр, деди масъул раҳбар.

20190621_101501

Тадбир давомида журналистлар Ш.Баҳроновга бир нечта саволлар билан мурожаат қилишди. Хусусан, янги қарор ёки  бошқа қонунчилик нормалари юзасидан муносабат рукнида материал тайёрлаш мақсадида тегишли идоралар билан боғланилганда, мутахассислар кўпгина ҳолларда “Мен ҳали бундан хабардор эмасман”, “Бизгача етиб келгани йўқ” каби жавоблар билдираётганлиги айтилди. Бундан ташқари, матбуот вакиллари маҳаллий ҳокимликлар қарорлари кўпинча юқори органларнинг қонунчилик нормаларини “Ижро учун қабул қилинсин” мазмунида эканлигига ва бу эса ортиқча қоғобозликни келтириб чиқраётганлигига урғу беришди.

— Ҳар қандай қарор ёки бошқа қонунчилик ҳужатлари соҳасига қараб республикадан аввало, тегишли идораларга, вилоят бошқармаларига ва бизга ҳам келиб тушади, — дея изоҳ берди Ш.Баҳронов. – Сўнгра биз уни шаҳар-туманларга, шулар қаторида бўлимларимизга ҳам жўнатамиз. Энди янги қонунчилик ҳужжати келиб тушгач, уни меҳнат жамовларида муҳокама қилиш бевосита корхона-ташкилотлар раҳбарлари зиммасида. Бироқ, бизда бу борада камчиликлар бор. Қонунчилик янгиликлари меҳнат жамоаларида муҳокама қилинмаяпти. Иккинчи саволга келадиган бўлсак, ҳа, маҳаллий ҳокимликларда қоғозбозлик ҳолатлари бор. Аслида президент қарорини ижро қилиш учун ҳокимликлар нега  яна бир қарорни имзолаши керак? Ахир, юқоридан келаётган ҳужжатлар сўзсиз бажарилиши керак эмасми? Бу тартиб ҳозирча бутун республикамиз бўйлаб мавжуд. Бироқ, тез орада мазкур ҳолат ўзгаради. Эндиликда тегишли ҳужжатлар ижросида қўшимча вазифалар белгилаш лозим бўлган тақдирдагина ҳокимликлар қарор қабул қилади.

Тадбир якунида бошқарма томонидан 27 июнь  — Матубот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ фаол журналистлар тақдирланди.