Bosh sahifa Jamiyat Вилоят АКМ раҳбари: Туркия кутубхоналарининг илғор тажрибаси бизда ҳам қўлланилади

Вилоят АКМ раҳбари: Туркия кутубхоналарининг илғор тажрибаси бизда ҳам қўлланилади

0

Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси Президентининг 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига давлат таш­рифи доирасида Алишер На­воий номидаги Ўзбекистон Мил­­лий кутубхонаси ва Туркия Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзо­ланган эди. Яқинда мамла­ка­тимиз ахборот-ресурс марказ­ларининг бир гуруҳ вакиллари ушбу дав­латда бўлиб, ун­даги кутубхоналар фаолияти би­лан яқиндан танишиш ва тажриба ал­машиш имконига эга бўлди.

Чет элда бўлиб қайтган А. Қодирий номли Навоий вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Р. Ражабов бизга Туркия кутубхоналари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

«Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Туркия Республикасида 22 мингдан ортиқ турли ку­туб­хоналар фаолият олиб боради. Бу ерда малакали мутахас­сис­лар тайёрлашга алоҳида эъти­бор қаратилган бўлиб, биргина пойтахтнинг ўзидаги 3 та уни­верситетда кутубхоначи кадр­лар тайёрланади.

Анқара шаҳри марказида жой­лашган Туркия Миллий ку­тубхонаси мамлакатдаги энг нуфузли муассасалардан бири. Фойдаланувчиларнинг асо­сий қисмини ёшлар ташкил этадиган мазкур кутубхонанинг умумий жамғармаси 5 мил­лион нусхадаги китоблардан ибо­рат. Бу ерда босма нашр­ларни рақамлаштириш иш­лари 2005 йилда бош­ланган бўлиб, ҳозирда 10 миллиондан ортиқ электрон нашрлар — алоҳида асарлар, жур­нал, газета ва қўлёзмалар мавжуд. Замонавий махсус қурилмалар асосида 450 ва­рақ­ли китобни рақамлаштириш учун 14-15 дақиқа вақт кетиши киши эъ­ти­бо­рини тортади. Кутубхонада “Кашиф” дас­турий таъминотидан фойда­лан­ган ҳолда адабиётларнинг қи­дирув тизими самарали йўлга қўйилган. Бундан ташқари, аҳо­лидан эски ва ноёб китоб­лар­ни сотиб олинаётгани фондни бойитишга хиз­мат қилмоқда. Шунингдек, бу ерда овоз ёзиш студияси фао­лият юритиб, кўзи ожиз ки­тоб­­­хонлар учун уларнинг та­лаб­ларига қараб аудио китоблар тайёрланади.

Муассасада нодир асарлар ва қўлёзма манбаларга алоҳида эътибор қара­ти­либ, 27,7 минг жилд арабча, туркча ва бошқа тиллардаги адабиётлар сақланади. Бу ер­дан 1313 йил Боғдодда хат­тот­лар томонидан кўчирилган Қуръони каримнинг нусхаси, муқоваси кумушдан ишланган оятлар тўпламини ҳам топи­шин­гиз мумкин. Ноёб ва қа­димий адабиётларнинг рес­тав­рациядан сўнг деярли янги ҳолатга келиши мутахассис­лар­нинг ўз ишини пухта били­шидан далолат. Шунингдек, муас­сасада хорижий фуқаро­лар­ни, зиёратчилар ва элчи­ларни аъзоликка қабул қилиш иш­лари самарали йўлга қў­йил­гани ҳам эътиборга молик.

Ртимиз вакиллари ташриф давомида Анқара­даги “Bilkent” университети ҳамда Анқара халқ кутубхона­ларида ҳам бўлишди. Шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатадиган ушбу муассасалар йил мо­бай­нида узлуксиз фаолият олиб бориб, ходимлар Рамазон ва Қур­бон ҳайити кунлари дам олишади, холос. Ўқитувчиларга 40 та китоб 4 ой муддатга, та­лабаларга 15 кунга 15 тагача китоб берилади. Буюртмалар бажарилишига алоҳида масъу­лият билан ёндашилиб, сўрал­ган адабиётлар Туркиядан то­пилмаса, Буюк Британиянинг Оксфорд ҳамда Кембриж каби машҳур университетларидан ҳам келтирилади.

­ Туркия ку­тубхоналарининг илғор тажри­басини ўзимизда қўлласак, мамлакатимизда ушбу соҳа ри­вожида жадаллик таъмин­ла­нади. Жумладан, олий таълим муассасаларида бир қатор йўналишларда мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш, китоб фондини ноёб китоблар ва манбалар билан бойитишда аҳолидан нодир қўлёзмаларни харид қилишга эътибор қара­тиш, барча АКМларда овоз ёзиш студияларини ташкил этиш бу борадаги зарур чора-тадбирларнинг энг муҳим жи­ҳатларидан саналади».