Bosh sahifa Mualliflardan Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Навоий шаҳридаги “Тинчлик” маҳалласида сайёр қабул ўтказди

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Навоий шаҳридаги “Тинчлик” маҳалласида сайёр қабул ўтказди

0

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Навоий шаҳридаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди.

Бугунги кунда 4-сектор ҳудудида жойлашган “Тинчлик” маҳалласида 2378 нафар аҳоли истиқомат қилиб, шулардан 12 нафари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Ҳудудда битта умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника мавжуд. 2018 йилда маҳалла “Обод маҳалла” Давлат дастури асосида мазкур иншоотлар тубдан таъмирланиб, барча ижтимоий соҳа объектлари, турар-жой бинолари, йўл ва коммуникация тармоқлари намунавий кўринишга келтирилиб, аҳоли учун қулай шароитлар яратилди. Маҳалла аҳлини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қувурлар янгисига алмаштирилди. Маҳалла учун янгидан бино қуриб берилди. Айни мақсадлар учун 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 20 та оилага 8 фоизли имтиёзли кредит асосида тикув дастгоҳлари ажратилди. 5 оилага ана шундай кредитлар ажратилиб, хонадонларда паррандачилик билан шуғулланиш имконияти яратилди.

Сайёр қабулда аҳоли томонидан томорқа учун оқава сув таъминоти муаммосини ҳал этиш, арзон уй-жойлар билан таъминлаш, оилавий ётоқхоналардан қўшимча хоналар ажратиш, ишга жойлаштириш, ҳомийлик ёрдами кўрсатиш каби 33 та масалаларда мурожаатлар тингланди. Халқ билан мулоқот давомида 2 та мурожаатчининг масаласи жойида ҳал этилди. 4 тасига асосли тушунтириш берилди. 27 та мурожаат ижроси назоратга олинди.

– Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сайёр қабулига келиб, тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш мақсадида лойиҳаларимни тақдим этганимда қўллаб-қувватланди, – дейди тадбиркор Назира Бобоназарова. – Янги тармоқни ишга тушириш учун шаҳар ҳудудидан бўш турган объектлардан ажратиладиган бўлди. Бунинг учун 4-сектор раҳбарининг ташаббусидан мамнунман.

Ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар давом этмоқда.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.