Bosh sahifa Yangiliklar Вилоят давлат солиқ бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди

Вилоят давлат солиқ бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди

0

Навоий вилоят давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ижроси ҳамда даромадлар тўғрисидаги декларация асосида солиқ солиш асослари, шунингдек кўчмас мулк ижара шартномасини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиблари тўғрисида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда республика газеталарининг вилоят мухбирлари иштирок этган анжуманда бошқарма бошлиғи А.Бозоров қатнашди ҳамда мавзу юзасидан иштирокчиларга ахборот берди.

Қайд этилганидек, 2019 йил солиқ сиёсати концепцияси билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, вилоятда 1200 та корхона қўшимча қиймат солиғини тўлаш тартибига ўтиши, 161 та якка тадбиркор умумбелгиланган солиқлар тўловчи, шунингдек, жорий йил бошидан 1200 та кўчмас мулк ижара шартномалари солиқ органларида ҳисобга олинаётгани айтиб ўтилди. Ҳозир солиқ органлари томонидан умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган корхоналарда индивидуал тарзда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланишига эришишдир.

– Мақсад қўшимча қиймат солиғи кичик бизнесга ҳам жорий этилиши натижасида нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда яратилаётган қўшимча қийматга солиқни жорий этиш орқали нархни тўғри шакллантириш, унинг асоссиз ошиб кетмаслигини таъминлашдан иборат, – деди А.Бозоров. – Солиқ органлари томонидан умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган корхоналарда индивидуал тарзда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ислоҳотларни амалга оширишдан кўзлаган мақсадни муваффақиятли амалга оширишда кенг омманинг хабардорлиги муҳим аҳамиятга эга. Айнан шу вазифани амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги жуда зарур.

Тадбирда шунингдек, бошқарма бўлим бошлиқларининг маърузалари ҳам тингланди. Анжуманқ давомида вилоятдаги солиқ идоралари ва ОАВ ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.